Ҳужум сабаблари номаълум.
Азаттикнинг тасвирга олиш гуруҳи бугун “Давлат оналар ва болаларга қарши курашмоқда” номи остида бюрода ўтказиладиган матбуот анжуманига йўл олаётган эди. Унинг иштирокчилари мамлакатда фаолияти таъқиқланган “Қозоғистоннинг демократик танлови” (2009 йилдан бери хорижда яшаётган қозоқ ҳокимиятининг танқидчиси Мухтор Аблязов ташкил этган) га алоқадорликда гумонланган, кўп болали она Оксана Шевчук ва ёлғиз оналар Гулзипа Жаукерова ва Жазира Демеуоваларнинг Олмаотада қамоққа олиниши билан боғлиқ ишни гапириб беришмоқчи бўлишган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бюро ходими Сергей Дувановнинг сўзларига кўра, «қатъий кайфиятдаги аёллар» гуруҳи — ҳаммаси бўлиб 20 аёл эълон қилинган матбуот анжуманидан 20 дақиқа олдин идорага кириб келган. Дувановнинг айтишича, аёллар тадбирни барбод қилишган, суратга олишга тўсқинлик қилишган, смартфонларни ва турли ОАВ журналистларининг камераларига шикаст етказишган, ташкилотчиларга матбуот анжумани бекор қилингани ҳақида эълон қилишга имкон беришмаган. Ҳужум бошланганидан ярим соат ўтиб воқеа жойига полиция етиб келган. Азаттик, КазТАГ журналистлари ариза ёзишган. Ҳужумчи аёллар яширинган, гувоҳларнинг айтишича, полициячилар улардан бирини ушлаган.
Бу Азаттик журналистларига шу ой бошидан бери уюштирилган биринчи ҳужум эмас. 6 июль куни номаълум кимса Нур-Султонда Азаттик ходимлари Оркен Жоямерген ва Ержан Амирхановлар томон баллончадан аччиқ газ сепган. Бу пайтда улар март ойида ваколатларини топширган, аммо ҳокимиятнинг сезиларли қисмини сақлаб қолаётган собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг туғилган кунига тўғри келиб қолган Пойтахт кунида норозилик намойишини ўтказишга уринганларнинг қўлга олинишини ёритаётган бўлган. 6 июль куни воқеа жойида бўлган полиция ходимлари мухбирларнинг ниқобдаги номаълум кишиларнинг соябонлар билан тасвирга олиш ишига халал бераётганларни тўхтатиш илтимосини рад этишган. 16 июль куни Азаттик Бош прокуратурага полициянинг ҳаракатсизлигидан шикоят билан мурожаат қилди.
Охирги вақтларда Азаттик журналистлари расмийлар томонидан кучайтирилган эътибор ва таъкиблар остида профессионал фаолиятида тўсиққа учрамоқда.