Ички ишлар тизимининг йигирмага яқин ходими ҳамроҳлигида келган Яккабоғ ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев¸ бульдозерчи буйруғини бажармаганидан сўнг, ўзи бульдозерга чиқиб, уни ишлаб турган дўкон устига ҳайдаган.
Дўконини компенсация бермасдан бузмасликни сўраган тадбиркор¸ гапи инобатга олинмагач¸ Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган. Ëна бошлаган ҳоким ўринбосарини атрофдагилар тепиб-тепкилаб ўчирган¸ у дарров касалхонага олиб кетилган.
Ҳокимият бедодлигига шу тарзда норозилик билдирган тадбиркор¸ унинг ўғли ва хотини эса¸ дарҳол ИИБга олиб кетилган.
“Ҳоким муовини Мансур Туймаев Яккабоғ посёлка қишлоғида ҳам ўз ҳунарини кўрсатди. Бир магазин эгаси¸ банкдан катта кредити борлиги учун¸ дўконимни пулини бермай бузмайсизлар¸ деди. Бунга жаҳл қилган Туймаев ўзи бульдозерга ўтириб олиб¸ бузмоқчи бўлди. Дўкон эгаси туш бульдозердан¸ ҳозир ёқиб юбораман¸ деди. Аммо ҳоким муовини писанд қилмай бульдозерни ҳаракатга келтирди. Бундан жаҳли чиққан дўкон эгаси Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ гугуртни ёқиб отиб юборди. Ва бирдан кабина ичи оловга тўлиб¸ одамлар ёнаётган ҳоким муовинини ўчириб қолишди. Кейин шифохонага олиб кетишди”¸ деди воқеа гувоҳларидан бири.
Яна бир воқеа гувоҳи¸ ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев¸ ойлардан бери Яккабоғ посëлкаси аҳлини уйи ва дўконидан ҳайдаб¸ халқ тоқатини тоқ қилганини айтади.
“Кўчаларимиз "Обод маҳалла" дастурига тушган. Бу маҳалладаги уйлар ва дўконлар сносга тушган. Бу ҳақда апрель ойидан бери оғзаки огоҳлантириш берилган. Лекин қонунда кўзда тутилган қоидаларни четлаб ўтиб¸ на бир компенсация¸ на тенг миқдорли уй-жой ëки дўкон бермай¸ бузасанлар деб туриб олишаяпти. Туймаев деганлари одамларни жонидан тўйдириб юборди. Шанба куни экскватор олиб келиб¸ икки қаватли янги қурилган дўконни буз¸ деди. Ҳайдовчи¸ бузмайман¸ деди. Дўкон ишлаб турувди¸ ичида ҳамма моли турипти¸ тепасида тикув цехида одамлар ишлаяпти. Буни кўриб¸ дўкон эгаси Баҳриддин ака “қилма бу ишни” деди. Ҳоким ғўдайиб бульдозерга чиқиб¸ ўзим бузаман¸ деди. Баҳриддин ака 2 литрли баклажкага солинган бензинни олиб чиқтида¸ бульдозерда ўтирган ҳоким ўринбосарининг устига сепиб юборди. Кейин гугурт чақиб¸ устига отувди¸ Туймаев ëниб кетди. Одамлар уни бульдозердан тушириб¸ тепиб-тепиб ўчиришди¸ мелисалар бўлса¸ Баҳриддин акага ëпишди”¸ дейди воқеанинг бевосита гувоҳларидан яна бири.
Яккабоғ туман ҳокимлиги¸ ички ишлар ва прокуратураси ходимлари 20 июль куни Яккабоғ посëлкасида шундай воқеа бўлганини тасдиқлади. Туман прокуратураси вакили бу воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ва ҳозирда тергов бўлаëтганини тасдиқлади.
Ички ишлар тизимига яқин маҳаллий мулозим Мансур Туймаевнинг касалхонада олинган суратларини юборди. Улардан устига бензиб сепиб ëқиб юборилган ҳоким ўринбосарига жиддий шикаст етмагани кўрилади.
Воқеанинг кейинги тафсилотларидан хабардор яккабоғлик мулозимнинг айтишича¸ ҳоким ўринбосарига ўт қўйган тадбиркор¸ унинг ўғли ва хотини дарров ҳибсга олинган.
Яккабоғликларнинг айтишича¸ 20 июль кунги воқеадан сўнг¸ бузилишга тушган уй ва дўконларни ҳозирда милиция ходимларининг ўзлари бузмоқда.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг бутун Ўзбекистоннинг улкан бузилиш майдонига айлангани кўрилади.
"Обод қишлоқ"¸ "Обод маҳалла"¸ турли хил City қуриш иддаолари билан бутун мамлакат бўйлаб шаҳар ва туман марказларида минглаб аҳолининг уй-жойи ва тадбиркорлик объектлари бузилмоқда. Шаҳар ва туман марказларидаги энг қиммат ерларнинг¸ ободонлаштириш иддаоси билан улар эгаларидан маъмурий босим ва зўравонлик билан тортиб олиниши¸ ерга хусусий мулкчилик жорий этилиши муҳокама қилинаëтган бир кезда бормоқда.
Аксар ҳолларда аҳоли ва тадбиркорлар¸ қонунда кўзда тутилган нормаларга зид равишда¸ бузилаëтган мулкига тенг миқдордаги компенсация тўланмай¸ кўчага ҳайдалмоқда.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиë бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда айнан шу қурилишлар¸ янги ҳукумат даврида инсон ҳақларининг энг қўпол ва оммавий тарзда бузилишига сабаб бўлаëтганини айтган эди.
Ижтимоий тармоқлардаги фаол ўзбекистонликларнинг "Биз бузилишларга қаршимиз"¸ деб номланган гуруҳи бу жараëнни Ўзбекистонда йўқ жойдан махсус яратилган "гуманитар катастрофа" деб атади.