Бу ҳақда Daryo.uz нашри Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бафо Нарзуллаев сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.
- 17 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристони қабрлари хатловдан ўтказилди. 18 мингга яқин қабр борлиги, шундан 8-10 фоизи, аниқроғи, 1700 та қабр эса майитсиз эканлиги аниқланди. Тўғри, кейинги йилларда қабристон манзилида сизот сувлари баландлашмоқда. Бу ўз-ўзидан лаҳад қазишда қийинчилик туғдиради. Шу сабабли одамлар яқинлари кўмилган қабрлар ёнидан “эгасиз” сағаналар тайёрлаб қўя бошлаган. Қабр ери бепул берилган. Вафот этгандан кейингина гўрков учун хизмат ҳақи тўланади. Ўзбекча лаҳад қазиш учун 160 минг, ўрисча лаҳад учун 120 минг сўм ва болалар учун лаҳадга 20 минг сўм атрофида тўлов ундирилади, - дейди Бафо Нарзуллаев.
Daryo.uz мухбири Лайло Ҳайитова ушбу масала юзасидан қабристонда бўлиб, мавжуд ҳолат билан танишган.
Унга кўра, қабристонда 1700 га яқин майитсиз қабр 2 қаватли қилиб қуриб, “безатиб” қўйилган.
Исмини ошкор қилишни истамаган вакиллардан бирининг айтишича, бу майитсиз қабрлар вилоятнинг қатор собиқ маҳаллий раҳбарлари томонидан ҳали вафот этмаган қариндош-уруғлари учун олдиндан “эгаллаб” олинган.
Айни кунда Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида кенг миқёсда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. 1000 нафардан ошиқ меҳнат кучи жалб этилган. Қабрлар атрофига 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилмоқда.
Ҳазрати Имом қабристони 1000 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланиб келинади.