Рэйга кўра, санкциялар ва 2016 йилги сценарийнинг такрорланиши олдини олишга қаратилган бошқа чораларга қарамай, Москва тўхтамоқчи эмас. Махсус прокурор Роберт Мюлллернинг икки йиллик тергови шуни кўрсатдики, Россия 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига мақсадли равишда аралашган, сохта ахборот тарқатиш ва ижтимоий тармоқларда тарғибот кампаниясини юритиб Америка сайловчиларига таъсир кўрсатишга уринган. Мюллер текшируви Россиянинг 25 нафар фуқароси ва учта компаниясига қарши айбловлар илгари сурилишига олиб келди. Вашингтон шунингдек, аралашувга алоқадор ҳисобланган Россия фуқаролари ва ҳарбий разведка ходимларига нисбатан санкциялар қўллаган.
Рэй сенат қўмитаси ҳузурида собиқ махсус прокурор Мюллер Конгрессда Россиянинг Америка сайлов жараёнига аралашувига оид ўзининг икки йиллик текшируви юзасидан ошкора кўрсатма беришидан бир кун олдин сўзга чиқди. Мюллер ҳисоботида кўрсатилишича, гарчи Россия Доналд Трампга сайловолди кампаниясида ёрдам беришга уринган бўлса ҳам, президентнинг ўзи бунга бевосита алоқадор эмас.
Рэйнинг чиқишидан кейин Сенатдаги демократлар республикачилар кўпчилиги раҳбари Митч Макконнеллни, улар айблаётганидек, сайловлар хавфсизлигини таъминлаш учун етарли чоралар кўрмаганлиги сабабидан танқид қилишди. Макконнелл эса ўтган йили сайловлар хавфсизлигини таъминлаш учун етарли маблағ ажратилган ва қўшимча маблағларга ҳожат йўқ, деб жавоб берди.
Трамп ўзининг июнь ойидаги Владимир Путин билан сўнгги учрашувида ҳазил оҳангида унга сайловларга аралашмасликни таклиф этди, бунинг учун кўпчилик демократларнинг, улар таъбири билан айтганда, мазкур масалага ножиддий ёндошгани борасидаги танқидига учради.