Ссылки доступа

Ироқдан қайтган тожик болаларини қариндошларига беришмади


Ироқдан Тожикистонга қайтарилган 84 нафар болалар мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги шаҳар орти сиҳатгоҳини тарк этишди. Уларнинг ҳеч бирини ҳанузгача яқин қариндошларига беришмаган.

«5 ёшгача бўлган 44 нафар бола ҳозир пойтахтдаги 2-сонли меҳрибонлик уйида қолмоқда, мактаб ёшидаги 33 нафари республика таълим ва фан Вазирлигининг мактаб-интернатларига тақсимланган», деб хабар беради Озоди радиосига соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Шодихон Жамшед.

Унга кўра, Ироқдан қайтганлар орасида қўлида гўдак кўтариб олган икки нафар вояга етмаганлар ҳам бор эди. «Бу қизларни меҳнат, миграция ва аҳоли банддиги Вазирлигининг профтехтаълим муассасига жўнатишди», - дейди Шодихон Жамшед.

Ироқдан қайтган «уруш болалари», уч ой шаҳарортидаги Харангон сиҳатгоҳида бўлишди. У ерда психологлар, руҳий терапевтлар, ижтимоий ходимлар, диетологлар, шифокорлар ва оддий мактаб ўқитувчилари улар билан ишлашган. «22 июлдан сиҳатгоҳда 80 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари дам олади», хабар қилади Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари.

Олдинроқ Тожикистон расмийлари Ироқдан қайтган болаларни уларнинг яқин қариндошларига топширишлрини айтишганди. Расмийлар 35 та қариндош оилалар болаларини олиб кетишга ариза берганларини тасдиқлади. Бироқ афтидан, расмийлар собиқ жангариларнинг болалари тарбияланадиган оилаларни ўрганишга қарор қилишган. «Меҳрибонлик уйида турган болажонларни яқин қариндошларига фақат қариндошлик алоқалари тасдиқлангандан ва керакли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин топширилади», - дея қайд этади Шодихон Жамшед.

«Болаларни тарбиялаш учун энг яхши муҳит – бу оила, буни ҳеч ким инкор этолмайди. Бу болаларни тарбиясига олишга тайёр қариндошлари борлигини мен тушанаман. Аммо бу оилада муҳит қандай? Биз уларнинг аҳволини янада ёмонлаштирмаймизми? Зиён етказиб қўймаймизми?" – олдинроқ баёнот берганди Тожикистон болалар ҳуқуқлари бўйича Вакил Ражабмох Хабибуллозода.

Эслатиб ўтамиз, 84 нафар болани Тожикистонга 30 апрел куни Ироқнинг FlyErbil авиакомпанияси самолёти ёрдамида қайтаришган. Хабар берилишича, уларнинг айримлари ўз вақтида ота-оналари томонидан Ироққа олиб чиқилган, бошқалари ўша ерда туғилган. Оталарнинг аксарияти ўлдирилган, уларнинг оналари эса террорчиларга кўмак бергани айби билан Ироқ турмаларида сақланмоқда. Тожик расмийларининг ахборотига кўра, 2014 йилдан бошлаб Сурия ва Ироққа тахминан 1900 нафар Тожикистон фуқаролари, шу жумладан, аёллар ва болалар кетган.

XS
SM
MD
LG