Фаол Даная Калиева акцияга қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбус деб тан олинган одамларнинг исми-шарифлари туширилган кийимда ва бўйнида металл занжирли кишанда келган. У ўз ҳаракатини одамлар сиёсий уйдирмалар билан айбланиб панжара ортида ўтирган кишилар тақдири ҳақида ўйлашлари ва ўзгача фикрловчиларни таъқиб этиш муаммоларига эътибор қаратишлари учун йўловчилар ва томошабинлар (акция ижтимоий тармоқларда намойиш этилди) га “ахборот етказиш” уриниши билан изоҳлади. У билан бирга келган одамлар қўлларида “Жакишевга озодлик” ёзуви туширилган қоғоз варақларни ушлаб олишганди.
Юз бераётган воқеани маълум масофада полиция ходимлари ва формасиз кишилар кузатиб туришди.
Мухтор Жакишевни қўлловчи бундай акциялар, кўпинча якка ҳолдаги чиқишлар шу пайтгача Шимкент, Нур-Султон ва Олмаотада бўлиб ўтди. 25 июль куни Жакишев иши бўйича суд қарорига қарши норозилик тариқасидаги якка пикетни Алматида ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Сергей Дуванов ўтказди. 26 июл куни Нур-Султонда бир неча киши Мухтор Жакишевни қўллаб-қувватлаш учун кўчаларга чиқишди— улар навбати билан плакатларни ушлаган ҳолда Жакишевнинг озод этилишини, шунингдек, Қозоғистонда сўз эркинлиги таъминланишини талаб қилишди. 27 июль куни Шимкентлик Гулнор Мўминова Жакишев ва бошқа бир неча кишиларни қамоқдан чиқариб юборишга чақирди. Бу акцияларда ҳеч ким ушланмади.
Қозоғистоннинг Семей суди 24 июль куни «Казатомпром» корпорациясининг собиқ раҳбари, 2009 йилдан бери қамоқ жазосини ўтаётган Мухтор Жакишевнинг шартли равишда муддатидан илгари озод этиш аризасини рад этди.
Коррупция айблови (у буни рад этмоқда) бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жакишев суд қарори чиқарилгунича унинг иши бўйича судьяларнинг барини “ҳақиқатнинг йўқлиги” бирлаштирганини айтар экан, судьяларни “қонун ва ҳуқуқ” қа амал қилишга чақирди. Судья рад этиш қарорини Жакишевнинг турмада рағбатлантирувчи ҳолатлари сони етишмовчилиги ва фуқаровий даъволар бўйича зарар қопланмагани билан изоҳлади. «Казатомпром»нинг собиқ раҳбари адвокатлари бу аризани рад этиш учун асос бўлолмаслиги борасида далиллар келтиришди ва маҳбуслик давомидаги йиллар Жакишевнинг соғлиғига путур етказганини айтишди. Суд бу далилларни эътиборга олмади.
Қозоғистон расмийлари мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжудлигини рад этмоқда.