Ссылки доступа

Ота-онага туркман аскарининг тилка пора қилинган жасадини беришди


29 июль куни Озодлик радиосининг туркман хизмати таҳририятига Туркманистон қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ чоғида ноаниқ ҳолатда ҳаётдан кўз юмган аскарнинг ўлими ҳақида маълум бўлди.

Туркманистондаги Озодлик мухбирининг хабар беришича, аскарнинг тилка пора қилинган жасади ота-онасига 26 июль, жума куни топширилган.

Аскар қариндошларининг Озодликка тақдим этилган маълумотига кўра, Сулаймон Оразов 2000 йилнинг 6 июнида туғилган, 2018 йилнинг ноябрида хизматга чақирилган, Кушкадаги 2108 ҳарбий қисмда хизмат қилган.

"Ота-онасига 25 июнь пайшанба куни қўнғироқ қилиб уларнинг ўғли заҳарланишдан вафот этганини хабар қилишган. Жасадни келтиришганда у қорин томонидан кесилгани, ички аъзолар олиб ташлангани ва қорин қисми қўпол тикилгани кўриниб турарди. Бундан ташқари, бош суяги очилиб, мияси олиб ташланган. Жасад буткул қонга беланган", - деб хабар беради Озодлик мухбири.

Аскар яқинларига кўра, марҳумнинг орқасида “бир неча ёриқлар бўлиб, улар латта бўлаклари билан беркитилганди”.

"Жасадни олиб келган Мудофаа ва ИИВ вакиллари ёриқлар қаердан пайдо бўлганини ҳамда ички аъзолар ва мия олиб ташланганини тушунтириб беришмаган. Шунинг учун қариндошлар заҳарланиш ҳақидаги расмий сўзларга ишонишмаяпти. Уларнинг тахминига кўра, аскарга орқасидан ўқ узишган, шунинг учун ички аъолари ва миясини олиб ташлашган. Гарчи улар ҳеч нарсани исботлай олмасаларда, уларга такрорий экспертизага рухсат беришмаган. Жасад шунингдек, аскарнинг анча олдин ўлганини эслатади, чунки у бирмунча қуруқ бўлган. Расмийлар уни шу куннинг ўзида дафн этишга мажбурлашган. Аскар Чоганли қабристонида дафн этилган", - деб хабар беради Озодлик радиоси марҳум аскарнинг қариндошларига таяниб.

Қариндошларга кўра, Мудофаа вазирлиги ва ҳокимиятнинг бошқа органлари ҳалок бўлган аскарнинг оила аъзоларига ҳеч қандай моддий ёрдам таклиф этишмаган. У оиладаги катта ўғил бўлиб, отасиз ўсган.

"Отаси Қурбонали уч йил муқаддам 41 ёшида вафот этди. Она болаларини ёлғиз ўстирди. Унинг ортида 12 ёшли синглиси ва 9 ёшли укаси қолган. Умуман олганда, уни чақирмасликлари керак эди, ахир онаси ёлғиз аёл бўлган", - дея Озодликка марҳумнинг яқинларидан бири хабар беради.

Туркманистон Мудофаа вазирлиги изоҳ беришдан бош тортган.

2108 ҳарбий қисм Афғонистон билан чегарада жойлашган. Бир неча йиллар мобайнида Озодлик манбалари бир неча бор отишмалар ва ҳалок бўлган Туркман чегарачилари ҳақида хабар беришган.

XS
SM
MD
LG