Ссылки доступа

Манбалар: Қарзга ботган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” саккизта самолётини сотмоқчи. Иккитаси - янги Dreamliner


Давлатга қарашли “Ўзбекистон ҳаво йўллaри” (Uzbekistan Airways) миллий авиакомпанияси¸ ошиб бораëтган қарзларини тўлашга қурби етмай қолгани ортидан¸ ўз ихтиëридаги 8 дона самолётни сотишга ҳозирланмоқда.

Бу жараëндан хабардор мулозимларга кўра¸ келаси ойлар ичи сотувга қўйиладиган учоқлар орасида 250 миллион долларга олинган иккита Boeing 787-8 Dreamliner ҳам бор.

Бир неча транспорт ва авиация соҳаси мулозимига кўра¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” (ЎҲЙ) миллий авиакомпанияси ўз тижорий фаолиятини аввал-бошданоқ бозор қонунларига зид қурган ва шу боис ҳозирга келиб кредит юкини кўтара олмай қолган.

Бу “оғирликка вақтинча тиргак бўлиш учун”¸ Озодлик манбаларига кўра¸ миллий авиакомпания ҳукумат билан биргаликда ЎҲЙ ихтиëридаги саккизта учоқни сотувга қўйишга қарор қилган.

“Сотувга қўйиладиган учоқлар рўйхати - иккита Boeing 767, иккита Boeing 757, иккита Boeing 767 русумидаги йўловчи учоқдан юк ташувчига модификация қилинган юк самолëти ва яна иккита Boeing 787-8 Dreamliner”¸ дейди Озодликка бу жараëн ҳақида маълумот берган ЎҲЙ га яқин мулозим.

Янги самолëтларни сотиш қарори¸ транспорт-авиация мутахассисларига кўра¸ миллий авиакомпания раҳбарияти ва ҳукуматнинг йўловчи ташиш билан кредитни уза олмаслигини тан олишини англатади.

“Ҳозирда авиакомпания учоқларидаги ўриндиқларнинг 84 фоизи сотилмоқда. Бу дунëдаги энг баланд кўрсаткичлардан бири. Шунга қарамай¸ авиакомпания молиявий жиҳатдан кредитини қоплашга қодир эмас. Бу бориб турган абсурд”¸ дейди суҳабтдош.

2018 йил декабрь¸ 2019 йил январь ойида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" тақрибан 240 миллион долларга сотиб олган икки Boeing 787-8 Dreamliner учоғининг ишдан чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Айтилишича¸ сотувга қўйиладиган Dreamlinerлар¸ Boeing компаниясининг Амстердамдаги техник хизмат базасида ремонт қилинган айни шу самолëтлардир.

Суҳбатдошлар Boeing ширкати 737 MAX русумидаги учоқлари компьютер дастуридаги ноқисликлар ортидан жиддий муаммога юз тутган бир пайтда¸ Ўзбекистон бюджетига ниҳоятда қимматга тушган Dreamlinerларнинг арзонга кетишини тахмин қилади.

Ўшанда компания ичидаги мутахассислар¸ ​бир учишда 13 минг километргача учадиган двигатели кучли Dreamlinerларнинг икки йил ичида ишдан чиқишига улар қисқа масофали рейсларда ишлатилгани сабаб бўлганини айтган эди.

Суҳбатдошлар давлат пулига умуман кераги бўлмаган энг қиммат самолëтларни олиш ортида ниҳоятда катта коррупция борлигини иддао қилган ва бу буюртмани берган собиқ раҳбарларни жавобгарликка тортишни талаб қилган эди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” солиқ тўловчи пуллари ҳисобига кун кўриб келаëтган давлатга қарашли монополист компания бўлишига қарамай¸ унинг молиявий вазиятига оид маълумот жамоатчиликдан сир тутиб келинади.

Миллий авиакомпанияга алоқадор мулозимларга кўра¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг йиллик кирими 800 миллион доллар атрофида.

“Молиявий лизингга олинган учоқлар учун йиллик кредит тўлови 185 миллион доллар. Энди ҳисоблаб чиқинг – компания йиллик тушумининг 23 фоизи қарзни қоплашга кетаяпти. Молиявий лизинг учун ЎҲЙ Миллий банкнинг кафолати билан Америка ва Хитой банкларидан камида 12 йиллик кредит олган. Билишимча¸ Миллий банк фоизининг ўзи 6 фоиз. Бу эса¸ ЎҲК Миллий банкка бир йилда 11 миллион доллар тўлайди¸ дегани. Бу пулга дунëнинг олди самолëтларини камида бир йилга ижарага олиш мумкин”¸ дейди мутахассислардан бири.

Миллий авиакомпаниянинг умумий қарзи ҳақидаги аниқ расмий маълумот жамоатчиликка умуман эълон қилинмаган. Мутахассислар тахминича¸ бу қарз миқдори икки миллиард доллардан уч миллиардгача бўлиши мумкин.

Flightradar24 сайти маълумотига кўра¸ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиапаркида ҳозирда жами 37 дона учқич бор.

Транспорт-логистика соҳаси мулозимларидан яна бири¸ яқин орада амалга ошиши кутилаëтган савдо оқибатида¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиапарки сўнгги юк учоқларидан ҳам ажрашини билдирди.

“ИЛ-76 юк самолëтларини аллақачон сотиб юборишган. 2003 йили олинган Boeing 767 ларни 2014 йили ҳар бирига катта пул¸ камида 14 миллион доллардан тўлаб¸ Boeing заводида 56 тонна юк ташишга мослаштиришган эди. Зўр самолëтлар. Улардан¸ юк ташишдаги даҳшатли бюрократия сабаб¸ тузук-қуруқ фойдаланишни ҳам эплашолмади. Энди иккаласи ҳам сувтекинга кетади”¸ дейди бу мутахассис.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали хорижга мева-сабзавот экспорт қилишга уринган тадбиркорлардан бири¸ компаниядаги супербюрократия сабаб¸ бирор тонна юкини хорижга чиқара олмаганини айтади.

“Ишонмасангиз¸ ўз маҳсулотини Москва¸ Пекин ëки Ҳонгконгга юк жўнатмоқчи деҳқон бўлиб¸ ЎҲЙ тижорат бўлимига қўнғироқ қилиб кўринг¸ нима дейишади? Бутун бошли сериал бошланади – гендиректорга хат ëзинг¸ таможнядан рухсат¸ чегара қўшинларидан рухсат олинг ва ҳоказо. Қани гилос¸ қани бошқа мева-сабзовот ва мева ташималари? Ҳаммаси оғиздаги чиройли гаплар. Юк самолётини кимларгадир ижарага бериб қўйиб¸ откатни олиб ëтишни билади булар! Супербюрократия ортида суперкоррупция бекиниб ëтипти”¸ дейди бир кило юкини ҳам миллий авиакомпания каргоси орқали ташита олмаган тадбиркор.

Суҳбадошлар молиявий жиҳатдан бундай “абсурд қарор” учун ЎҲЙнинг собиқ раҳбарлари, айни пайтда¸ ҳозирги Транспорт вазирлиги амалдорлари масъул эканини айтади.

“На молия¸ на тижорат ва на авиацияни тушунган одамлар нафақат авиация¸ балки бутун транспорт тизимини коррупцияга ботирган. Давлатга улкан зиëн етказган бундай харидлар ортида ниҳоятда катта коррупция¸ откатлар схемаси ëтипти. Аммо бунинг учун ҳозиргача ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Нафақат авиация¸ балки темир йўл¸ автобус ташувларида ҳам айни шундай аҳвол. Буларнинг ҳамма зарари бориб яна халқ чўнтагига тушмоқда. Яқинда ЎҲЙ чипталари нега қимматлиги ҳақида кўтарилган саволларга жавобни шу ердан топасиз ”¸ дейди суҳбатдошлар.

XS
SM
MD
LG