Ссылки доступа

Мирзиёев "хиёнатчи" ҳокимларни жазолашга буйруқ берди (аудио)


Шавкат Мирзиёев Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга сиёсатига хиёнат қилган Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимларини ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берди.

пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:08:31 0:00
Загрузить файл

Шавкат Мирзиёев тошпириғи 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида янгради.

-Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда 30 йилда зўр бўлиб кетардик", - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент уйлари бузилиб кўчада қолган, ойлаб товон пулини ололмаган минглаб одамларнинг кўчага чиқиб автомобил йўлини тўсиб қўйгани учун, Хоразм вилояти ҳокими Эрмановни қаттиқ танқид қилади:

- Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилганлардан бири - Хоразм вилояти ҳокими жаноб Эрманов. Эрмановга интернетдаги изоҳлардан сенга ва сенга ўхшаган ноинсофларингга «табрик» жўнатаман. Урганч шаҳар ҳокими [Шуҳрат Абдуллаев - таҳр.]ни жиноий жавобгарликка тортамиз, десам, адвокат бўлиб, бош вазиримизга илтимос қилдинг. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Сен ва менинг сиёсатим тўғрисидаги бугун чиққан изоҳларни ўқи. Сен ноинсоф менга дўст бўлсанг, бузиш қўлингдан келмас экан, нима қиласан у ерни бузиб? Мана, изоҳларни ўқи. Бош вазир борганидан сўнг одамлар нима деб ёзаяпти? Сенинг суратинг йўқ бу ерда. Бош вазирники турибди ва президентнинг сиёсатига лаънат айтишяпти. Атрофингда ўтирган одамларинг билан мана менга қилган душманликларинг. Бузишдан олдин калланг билан ўйлаб кўрмайсанми, бузгандан фойда борми ёки йўқ? У ноинсофларга шунча пул бердик 30-50 миллиардлаб, нима қиласан у пулни? Катта холангнинг пулими у молия вазирлигининг пули? Ё Ўзбекистонга ўтказиб қўйган жойинг борми? Бировни ишдан олиш, жиноий жавобгарликка тортиш керак бўлса дарров адвокатга айланасизлар. Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан? - деди президент Шавкат Мирзиёев.

Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйгани, одамлар ҳокимлик уйи бузилганларга товон пулини бермаётганига, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдиргани ҳақида аввал хабар берилган эди. Бу воқеани эшитган президент Бош вазирни шошилинч тарзда Урганчга юборган, Абдулла Арипов норози аҳоли билан учрашиб, ўша куннинг ўзида товон пулини тўлаттирган эди.

Президент Мирзиёев Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни ҳам қаттиқ танқид қилиб, уни президент сиёсатини бутун дунёга шарманда қилганини айтди.

У одамлар уйини бузишга топшириқ бермаганини қўшимча қилди. "Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман. Мана, сенинг "дўстлигинг", жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!", - деди президент

Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида 22 июль куни хабар берилган эди. Бу воқеа ортидан туман ҳокими ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга ҳам алоҳида тўхталиб, президент тарбия қилиб юрган ҳоким "қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйганини" айтади. У Фарғона вилоятининг амаллари ортидан халқнинг президентга бўлган ишончига путур етаётганига ишора қилди.

Мирзиёев эътирозли вазиятларни келтириб чиқарган вилоят раҳбарларига қандай чоралар кўрилишини ҳам айтиб ўтди. Президент уч ҳокимдан Интернет орқали чиқиш қилиб, аҳмоқлигини тан олиши ҳақида топшириқ беради.

XS
SM
MD
LG