Ссылки доступа

Профилактика инспекторларининг хизмат уйларида яшаши мажбурий бўлди


Тошкент вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар Профилактикаси Бошқармаси (ҲПБ) бошлиғи 5 августда чиқарган буйруққа кўра, Тошкент вилоятида ишлаëтган профилактика инспекторларининг фақат ўз хизмат ҳудудидаги хизмат уйларида яшашлари қатъий назоратга олинди.

Буйруқнинг чиқишига, подполковник рутбасидаги ИИБ ходимининг айтишича¸ аксарият профилактика инспекторлари давлат тарафидан ажратилган хизмат уйларида яшамаëтгани ва ишдан кейин ўз ҳовлисига кетиб қолаëтгани сабаб бўлган.

ИИБ мулозимига кўра¸ ПҚ–4075-сонли "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига асосан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиши баёнига мувофиқ, профилактика инспекторларига хизмат квартиралари ажратилган.

"Инспектор ўзи яшайдиган ҳудуд муаммоларидан куну-тун хабардор бўлсин¸ дея давлат уларга квартира ажратиб берди. Лекин инспекторлар бу квартирани қулфлаб қўйиб, ўз уйларидан ишга қатнаб юришибди. Чирчиқдаги инспектор Тошкентдаги уйига¸ Чорвоқдаги эса Хумсондаги ҳовлисига кетиб қолаяпти. Бу ҳолатга нуқта қўйиш учун вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғи Ҳамиджон Зокиров инспекторларининг хизмат уйларида яшашини мажбурий қилиб қўйди"¸ деди подполковник.

Буйруқ Тошкент вилоятидаги барча шаҳар-туман ИИБ бошлиқларининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда шаҳар-туман ИИБ ҲПБ бошлиқлари номига юборилган. Буйруққа кўра, профилактика инспекторларининг хизмат уйларида яшашини шаҳар-туман ИИБ бошлиқларининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда шаҳар-туман ИИБ ҲПБ бошлиқлари кундалик назоратга олиши лозим.

Эндиликда "ҳар куни ҳар бир профилактика инспектори камида беш донадан маъмурий баённома тузиши, тузилган маъмурий баённома асосида солинган жаримани ундириши, маъмурий назорат қонуни остига тушувчи илгари судланган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ҳамда маъмурий назоратга олинган ва профилактик ҳисобда турган барча тоифадаги шахслар билан кунлик профилактик суҳбатлар ўтказиши" шарт.

ИИБ подполковнигининг яна айтишича¸ ИИБ ходимлари касби билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан "кўмиб ташланган".

"Ходимлардан доимий равишда хушмуомала бўлиш ҳам буйруқда таъкидланган. Энди ИИБ инспектори ўз асосий иши қолиб¸ туман аҳолисидан жарима ундириш¸ аҳоли сонини рўйхатга олиш ва маҳалла оқсоқоли топширган жамоат ишлари билан шуғулланса, қандай қилиб кулиб туришга ҳоли етади. Шу ортиқча ишлар сабаб инспекторнинг жиноятни олдини олиш каби асосий ишига вақт қолмаяпти", дейди подполковник.

XS
SM
MD
LG