Ссылки доступа

Наманганда қабристон ҳудуди торайгани боис юзлаб киши норозилик намойишига чиқди (видео)

8 август куни Наманган шаҳар, Гулобод маҳалласида уч юзга яқин одам қабристон учун ажратилган ер қарийб 4 марта торайиб кетганидан норозилик акцияси ўтказди.

Маҳалла вакилларининг айтишича, қабристон учун 1994 йили 8,5 гектар ажратилган эди. Бугунги кунда мозор майдони 2,5 гектардангина иборат бўлиб қолган.

Мобил мухбирнинг айтишича¸ тадбир қатнашчилари қабристон ҳудудида қурилаëтган маъмурий бино фундаментини бузиб ташлашга уринган, аммо зудлик билан етиб келган ИИБ ходимлари бунга тўсқинлик қилган:

- Воқеа жойига Наманган шаҳар ИИБ ва вилоят ДХХ раҳбари етиб келиб одамларни тинчлантирди. Одамлар учта маҳалла аҳолиси ўз ҳисобидан обод қилиб, атрофини девор билан ўраган қабристон ҳудудида теплица ва товуқхоналар қурилишидан норози. Қабристон ҳудудида ўтган ҳафта таги гараж усти маъмурий бино бўлган иншоотлар қурилишининг бошлангани одамлар ғазабини қўзғатган сўнгги томчи бўлди.

Унинг яна айтишича¸ норозилар билан учрашган шаҳар ИИБ бошлиғи, бошланган қурилишни тўхтатиб, масалани атрофлича ўрганишга ваъда берган.

Қабристонга яқин Файзобод кўчада яшайдиган 67 яшар маҳалла фаоли Муҳаммадамин Ражаббоевнинг айтишича¸ унинг қўлида қабристон учун 8,5 гектар ер майдони ажратилгани ҳақидаги агрофирма чиқарган қарор ва йиғилиш баëнномаси бор.

- 1994 йил, 6 мартда ”Ижодкор” агрофирмаси бизга мана шу қабристонни ажратиш учун қарор чиқарди. Мана ҳужжати қўлимда. Ўшанда биз ўз кучимиз билан бунинг атрофини бетон ва хом ғиштли девор билан айлантириб олган эдик. 2017 йил шаҳарга қўшилганимизда қабристон 2,5 гектарга айланиб қолди. Товуқ ферма¸ теплица¸ омборхона ва яна нималарнидир қуриб ташлашди. Кечадан олдинги кун битта тадбиркор фундамент қуриб бошлаганини кўрган одамлар кўчага чиқди¸ - деди Муҳаммадамин Ражаббоев.

Унинг айтишича¸ бу қабристон учта маҳалла ва микрорайон аҳолиси учун мўлжалланган: "30 мингга яқин аҳоли учун шу битта қабристон. Бу тўлса халқ ўлигини қаерга қўяди? Биздан 40 км нарида қабристон бор. Халқ шунча узоққа борсинми?".

Норозилик иштирокчиларидан бири¸ Гулобод маҳалла фаоли Абдумалик Эргашевнинг айтишича¸ талаб битта: "Қабристонимизни қайтиб берсин. Милиса бошлиғи келиб, тарқалинг, ижобий ҳал қилиб бераман, дейишдан нарига ўтмади. Қани ҳоким ëки унинг ўринбосари? Ота-боболаримиз қўним топган ерни сотган ҳоким​ халқ ғазабидан қўрқиб норозилар олдига чиқмай устимизга милиса юборди".

Ўзини "Наманган шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассиси" деб таништирган мулозимнинг айтишича, “Гулобод маҳалласи шаҳарга қўшилган 2017 йилда қабристон ҳудуди кадастр ҳужжатларида 2,5 гектар қилиб берилган”.

Мулозимнинг айтишича¸ қабристон ҳудудидаги ер участкалари тадбиркорларга қонуний асосда ажратилган.

"Қонунга кўра, қабристонга туташ қилиб бино қуриш мумкин эмас. 20 гектардан катта қабристон бўлса 500 метр ундан кичик бўлса 300 метр оралиқ масофа қолиши керак. Масалага шу тарафдан қараб халқнинг талабини қондириш мумкин", - деди мулозим.

Мулозим айтган нормалар 2011 йилнинг 4 апрелида қабул қилинган «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида акс этган.

Ҳоким қабристон масаласини халқ талаби асосида “ижобий кўриб чиқиш"га ваъда берган.

XS
SM
MD
LG