Ссылки доступа

Хўжанд колониясидаги исён “раҳбари” умрбод озодликдан маҳрум қилинди


Амирали Давлатов
Амирали Давлатов

Тожикистон Олий суди Хўжанд колониясидаги тартибсизликлар ташкилотчиларидан бири сифатида кўриладиган Амирали Давлатовни умрбод озодликдан маҳрум қилди.

Хўжанд колониясидаги исёнда иштирок этган Амирали Давлатов ва яна 32 нафар маҳкум устидан ҳукм ўтган ой сўнгида чиқарилган, дея хабар берди Радио Озоди манбалари.

Ўтган йилнинг 8 ноябр оқшомида Хўжанддаги қаттиқ режимли колонияда юз берган тартибсизликлар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлган. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ўлдирилди, беш нафар назоратчи оғир яраланди.

Тожикистон Олий суди ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган суд жараёни тўғрисида ҳозирча расмий хабар тарқатмади. Хабардор манбанинг хабар қилишича, тартибсизликларга алоқаси бўлган маҳкумлар қотиллик, озодликдан маҳрум қилиш жойида бесарамжонликлар келтириб чиқарган ҳатти-ҳаракатлари, саломатликка оғир зарар етказгани, хукумат вакилларига қаршилик кўрсатгани айблари билан жазо муддатларига қўшимча равишда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиндилар.

«Маҳкумларнинг айримлари, жумладан, Амирали Давлатов умрбод озодликдан маҳрум қилинди», деди манба.

Маҳкумларнинг адвокатлари ошкор қилмаслик борасидаги ҳужжатга имзо чекканларини айтиб ОАВ вакиллари билан мулоқот қилишдан воз кечдилар.

Амирали Давлатовнинг рафиқаси Оқиламо Давлатованинг 13 август куни маълум қилишича, янги ҳукм тўғрисида эри билансўнгги учрашувида билиб қолган. «У суд ҳукмидан норози ва ҳукм устидан шикоят қилмоқчи», дейди аёл.

«Тартибсизликлар юз берган оқшомда эрим биз – мен ва фарзандларим билан колониянинг учрашув хонасида эди. Исён ҳақида у ҳеч нарсани билмасди. Агар билганда эди, у бизларни учрашувга таклиф қилармиди ва ўзига қишки кийим олиб келишимизни сўрармиди?» -дея савол беради Оқиламо Давлатова.

Бундан аввал хабардор манбалар, ҳукумат Амирали Давлатовни Хўжанд колониясида юз берган исён ташкилотчиси сифатида кўришини маълум қилган эди. Манбаларнинг таъкидлашларича, исёнга тўрт ой тайёргарлик кўрилган. "Тартибсизликлар ташкилотчиларининг режасига кўра, айнан Амирали Давлатов маҳбусларнинг ўша куни колония ҳудудида бўлган рафиқаларини гаровга олиши керак эди. Аммо кутилмаганда чироқ ўчиб қолади ва у режасини амалга ошира олмай қолади", - дейди Сўғд вилоят прокуратурасидаги манба.

Хўжанд шаҳридаги қаттиқ режимли колонияда юз берган исён ташкилотчилари устидан суд жараёни март ойида бошланган эди. Суд ўриндиғида жазони ижро этаётган 30дан ортиқ махбус ўтирди. Эслатиб ўтамиз, исён бостирилганидан бироз вақт ўтиб колониянинг бир нечта ходими, жумладан унинг бошлиғи Файзулложон Сафаров ҳибсга олинган эди.

Амирали Давлатов «Маханов тўдаси» гуруҳининг аъзоси эди. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Олий суди 2014 йил 20 мартида Алимурод Маханов гуруҳи аъзоларини терроризмда айбдор деб топган эди. Гуруҳ раҳбари Маханов 21 йил колонияга ҳукм қилинган эди. Амирали Давлатов 19 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. «Бизнинг мақсадимиз президентлик сайлови арафасида Душанбеда портлаш уюштириш эди. Биз Душанбега киришда тўрт йўналиш бўйича қатор портлашлар уюштиришга тайёргарлик кўргандик, шунингдек мамлакат ИИВ ва МХДҚ биноларини портлатишимиз керак эди», - деган эди судда тўда раҳбари Алимурод Маханов.

Махсус хизматларнинг маълумотига қараганда, Маханов Ўзбекистон Ислом Ҳаракатининг фаол аъзоси бўлган ва ЎИХнинг минтақадаги амири этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG