Таъкидланишича, ИИВ ички тергов хизмати томонидан “7-8 август кунлари жамоат тартибини сақлашни таъминлаш ва оммавий тартибсизликларга йўл қўймаслик борасида ички ишлар вазири Қурсан Асановнинг бевосита вазифаларини бажариши бўйича хизмат текшируви олиб борилди”.
«Хизмат текшируви якунлари бўйича қирғиз милицияси манфаатларига хоинлик ва ўзига билдирилган ишончни оқламагани учун Қурсан Асанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши бўйича таклиф берилди», -дея ИИВ хабар берди.
Хизмат текширувига оид материаллар ҳуқуқий баҳо берилиши учун Бош прокуратурага топширилди.
Ижтимоий тармоқларда Қурсан Асановнинг ўзи баёнот беришича, Қўй Тош ва Бишкекдаги ҳодисалар сабабли 2019 йилнинг 7-8 август кунлари мамлакатда оғир вазият юзага келди. "ИИВнинг шахсий таркиби хизматлари билангина мураккабликлар бартараф этилди. Ўйлайманки, хизмат вазифамни бажардим. Шахсий манфаатларимни давлат манфаатларидан юқори қўймадим. Мундир шаъни ва генерал сўзи мен учун оддий гап эмас. Таъкидламоқчиманки, хизматим вақтида мамлакат хавф ёқасида бўлган вазиятлар билан тўқнаш келдим. Шу дақиқаларда кучимни ҳам, ҳаётимни ҳам давлат барқарорлигини таъминлаш йўлида аямадим. Менга нисбатан масала ойдинлашади деб ўйлайман. Ўз ватаним ва виждоним олдида покман», -дея қўшимча қилди Асанов.
7 август куни Қурсан Асанов собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари билан Қўй Тош қишлоғида музокаралар олиб борди. 8 август куни у Атамбаев билан музокаралар ўтказди ва бунинг натижасида собиқ президент ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари ҳамроҳлигида уйни тарк этишга рози бўлди.
7-8 август кунлари Чуй вилояти Аламуддин туманидаги Қўй Тош қишлоғида «Алмазбек Атамбаевни мажбуран сўроққа олиб келиш тадбири» бўлиб ўтди. Атамбаев ушланганидан сўнг унга нисбатан Азиз Батукаевнинг озод қилиниши иши бўйича «Коррупция» ва «Жиноятга шериклик» моддалари бўйича айблов қўйилди, суд қарорига биноан 26 августга қадар МХДҚ СИЗОсида ушлаб турилади.
13 август куни Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан Қўй Тошдаги ҳодисалар туфайли оғир жиноятлар содир этишда айблов эълон қилгани борасида маълум қилди.