13 август куни Самарада ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири бундан бир ойча олдин иш жойида заҳарланган 69 кишидан 58 нафарининг аҳволи оғир қолаётганини билдирди.
Ўзи ҳам заҳарланиб, тузалиб чиққанини гапирган хоразмлик йигит, фожиа нимадан бошланганини айтиб берди:
- Биз “Кошелевский посад” ширкатининг олма боғида ишлаймиз боғбон бўлиб. Ер юмшатамиз, смородина терамиз, олма теряпмиз ҳозир. Овқатданми, нимадандир заҳарландик – 15 август куни 1 ой бўлади. Оғзимиздан, сийдигимиздан қон келди.
Заҳарланган 69 нафар ишчининг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.
Сизрандаги “Кошелевский посад” ширкатида заҳарланган ўзбекистонликлардан 17 нафари шу кунда В.Д.Середавина номидаги Самара вилоят клиник касалхонасида, 41 киши – Тольятти шаҳар шифохонасида қолмоқда.
Тольятти шаҳар 1- клиник шифохонаси бош врачи вазифасини бажарувчи Леонид Разливинский токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирди:
- Улар ўта оғир модда - Зоокумариндан заҳарланган. Яна анча даволанишади. Бу заҳардан даволаш 70-80 кунгача давом этиши мумкин. Уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган Зоокумарин қон қуюлишини тўхтатиб қўяди.
Докторнинг айтишича, касалхона маъмурияти қўлидан келган барча ишни қилаяпти:
- Вилоят шифохонаси ва биздагилар аҳволи оғир, битта 4 яшар бола ҳам бор. Биз қўлимиздан келганини қиляпмиз. Москвадан ва Самарадан энг яхши мутахассислар ҳозир йиғилди.
Бироқ Леонид Разливинский муҳожирларга ҳар куни янги плазма қуйилиб, қон алмаштириб туриш лозимлигини, бунинг учун қўшимча маблағ зарурлигини билдирди:
- Бизга ҳақиқатан ёрдам керак. Мен Қозондаги консул билан ҳам бу масалада гаплашган эдим. Мен вазиятни консулга тушунтириб бердим. Тўғрисини айтаман – бизга моддий ёрдам керак даволашни давом эттириш учун. Биз Ўзбекистон ҳукумати эътибор беришини сўраймиз.
Самарада 69 ўзбекистонлик “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар қилган эди.
Лекин 13 август куни гапирган мигрантнинг айтишича, консуллик ходимлари воқеа юз берган кундан буён касаллардан хабар олгани йўқ:
- Уларни ҳам келганига 20 кун бўлиб кетди. Бир марта келиб кетишди, бўлди. Ётганингизга пул тўлаймиз, болничний очамиз деди, бўлди. Ўзгариш йўқ. Фариддинми дегани келганди.
Мигрантлар бу масалада президент порталига ҳам арз қилганини, бироқ натижа бўлмаганини айтишди.
Қозондаги консулхонанинг дастлабки хабарида заҳарланган ўзбекистонликлар ишлаган корхона Бош консулхонага Ўзбекистон фуқароларини даволаш билан боғлиқ барча молиявий харажатлар корхона ҳисобидан қопланишини маълум қилгани айтилган эди.
Россия Тергов қўмитасининг Самара вилоят бошқармаси ҳодиса юзасидан суриштирув бораётганини маълум қилган.