Ссылки доступа

Наманганда таътилдаги ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олишга сафарбар этилди


Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларининг айрим ўқитувчилари жазирама иссиқда уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига мажбурланаётганликлари ҳақида шикоят қилди.

Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган наманганлик муаллимнинг айтишича, ўзи ишлайдиган мактабдан 10 дан зиёд ўқитувчи 5 августдан буён уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига жалб этилган.

- Директоримиз ўтган ҳафта бошида ҳаммамизни чақиртириб, вилоят ҳокимлигида узкий йиғилиш бўлгани, шу йиғилишда халқ таълими бошқармасига шундай топшириқ берилганини айтди. Шунга ҳозир 40 даража иссиқда ўйма-уй кириб бизга берилган анкеталарни тўлғиздиряпмиз. Чиқмасак директоримиздан балога қоламиз. Ўз навбатида мактаб директори халқ таълими бошқармасидан, халқ таълимидагилар эса ҳокимиятдан балога қолади.

Намангандаги бошқа мактаб ўқитувчилари ҳам бу каби вазифа уларга юкланганини тасдиқладилар.

"Маҳалла қўмитаси ва участка нозири қилиши керак бўлган бу ишни ҳам биз муаллимларга илиб қўйишди. Бизни мактабдан етти ўқитувчи чиққанмиз. Ҳар биримизга "Янги тонг" маҳалласидаги кўчалар бўлиб берилган. Тайёр бўш анкета бор, исми, паспорт рақами, ишлайдими йўқми, ногиронлиги борми йўқми, шуларни уйларга кириб тўлғиздирип юрипмиз, мактаб бошлангунича ҳамма анкеталарни тўлдириб, директорга топширишимиз керак экан", дейди ўқитувчи.

Наманган вилоят ҳокимлиги расмийси аҳоли рўйхатини тузиш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади. Мулозим рўйхатни тузишдан мақсад аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдамга мухтожларни аниқлаш, уларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам бериш эканини айтди.

Аммо, ҳокимлик мулозими бу ишга муаллимларни чиқаришга ҳеч ким буйруқ бермаганини айтди.

- Рўйхатга олиш бўляпти, лекин буни ўқитувчилар қилсин, деб ҳеч ким буйруқ бермаган, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтган йил июнь ойида ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган эди.

Аммо, Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими ўқитувчиларни аҳолини рўйхатга олиш тадбирига жалб этишга улардан буйруқ берилмаганини айтди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.

Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар ҳам мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорлар уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурланаётгани ҳақида шикоятлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG