Ссылки доступа

Вафот этган туркман аскарининг қариндошларига озиқ-овқат ёрдами берилди


Туркманистон қуролли кучлари сафида хизмат қилган аскарнинг ўлими ва унинг оиласи оғир аҳволда қолгани тўғрисида Азатлық радиосининг хабаридан сўнг мамлакат расмийлари марҳумнинг оиласига озиқ-овқат ёрдамини кўрсатди.

Бу ҳақда Ашхободдаги Азатлық радиоси мухбирлари марҳум аскарнинг қариндошларига таянган ҳолда маълум қилди.

«Қирқ ва бошқа маросимларни ўтказишлари учун марҳум аскар Сулейман Оразовнинг оиласига кичикроқ ёрдам кўрсатилди. Уларга битта қўй, 50 килограмм гуруч, бир қоп олма, 20 литр 2 сортли пахта ёғи бериб кетишди», - дея 14 август куни хабар берди Азатлық мухбири.

29 июль куни Азатлыққа 19 ёшли Сулейман Оразовнинг тақдири маълум бўлди, унинг ички органлари ва мияси ажратилган жасади оиласига берилди. Жасад берилишидан бир кун аввал расмийлар марҳумнинг оила аъзолари билан боғланиб, у заҳарланиш туфайли вафот этганлигини билдиришди.

Азатлық мухбирининг сўзларига қараганда, озиқ-овқат ёрдами марҳум хизмат қилган Серхетобод(собиқ Кушка- муҳ.)даги №2108 ҳарбий қисм томонидан кўрсатилди. Мухбирнинг қўшимча қилишича, аскарнинг оиласига расмийлар 20 минг манат миқдорда ёрдам пули берилишига ваъда қилишди, аммо ҳозирча бу ёрдам берилмади.

​Маълумот учун, Туркманистон ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий мақомининг 19-моддасига кўра, агар ҳарбий хизматчи хизмат вазифасини бажараётганида вафот этгудек бўлса, марҳумнинг меросхўрлари бўлмиш оила аъзоларига марҳумнинг йиллик маошининг ўн баробари миқдорида бир марталик нафақа берилиши керак.

Мухбирларнинг сўзларига кўра, ўтган ой сўнггида аскарнинг жасади олиб келинганида онаси ва қариндошлари унинг қоринни ёрилгани ва қўпол равишда тикилганини, ички органлар олиб қўйилганини пайқаб қолишди, марҳумнинг орт томонида жароҳат излари бўлиб улар латта билан боғланган, шунингдек бош суяги очилиб мияси олиб қўйилган эди. Органлар ва миянинг олиниши, орқасидаги жароҳатлар ҳақида қариндошларига изох берилмади. Ҳукумат расмийлари аскар шу куннинг ўзида дафн қилинишини талаб қилдилар.

Шу сабабли ҳам Оразовнинг онаси ва қариндошлари йигитнинг заҳарланиш туфайли ўлгани борасидаги расмий версияга шубҳа билан қарашмоқда. Қариндошларининг қайта суд-тиббиёт экспертизасини ўтказиш борасидаги талаби қондирилмади.

XS
SM
MD
LG