Чуй вилоят суди 19 август куни адвокатларнинг Садир Жапаров жазо муддатини қисқартириш борасидаги илтимосларини рад қилди. Судьялар Аламуддин туман суди чиқарган аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирди, бу ҳукмга кўра сиёсатчи 11,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
«Ҳаммани амнистия бўйича озод қилишмоқда, аммо Садир Жапаровни инкор қилишмоқда. Биз барча далилларни тақдим қилдик, Садир Жапаровга нисбатан амнистия қўллаш мумкин. Ҳукм ноқонуний. Биз Олий судга мурожаат қиламиз», - дейди адвокат Шарабидин Тоқтосунов.
Жазони ижро этиш муассасининг маълумотига кўра, Садир Жапаровнинг жазо муддати 2026 йилнинг5 сентябрида тугайди. Тақдимномада таъкидланишича, «аввал унга нисбатан амнистия акти ёки авф қўлланилмаган, у Уюшган жиноий гуруҳ таркибида жиноят содир этмаган, шунингдек жазони ижро этишда тартибларни бузмаган». Шу муносабат билан унга нисбатан 2014 йил амнистия борасидаги қонун меъёрлари қўлланилиб жазонинг учдан бир қисми қисқартирилиши (3 йил-у 4 ой), ҳамда жазо муддатини 2023 йилнинг 5 июнигача дея белгиланиши мумкин.
16 июль куни Аламудун туман суди Садир Жапаровга нисбатан амнистия қўллаш борасидаги тақдимномани рад қилди.
Парламент собиқ депутати, «Мекенчил» партияси етакчиси Садир Жапаров 2018 йилда суд қарорига кўра, 2013 йил Қоракўлда митинг уюштиришда ва ўша вақтдаги губернатор Эмильбек Каптагаевни гаровга олишда айбдор дея топилган эди. У 11 ярим йил муддатга кучайтирилган режимдаги колонияга ҳукм қилинди. 2019 йил апрелида Олий суд Жапаровнинг адвокатининг илтимосномасини қисман қаноатлантирди ва янги кодекслар кучга кириши муносабати билан жазо муддатини бир ярим йилга қисқартирди.