Ссылки доступа

Қирғизистонда Атамбаевнинг ҳаммаслаги Карамушкинага “гаровга олиш” бўйича иш очилди


Биринчи май туман суди 22 август куни Қирғизистон парламентининг депутати Ирина Карамушкинага нисбатан эҳтиёт чорасини қўллади – у уй қамоғига жўнатилди. Бу қарор суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинди.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ҳаммаслиги бўлмиш Ирина Карамушкина “гаровга олиш”да гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура Азаттық радиосига берган изоҳида маълум қилди.

Ирина Карамушкинанинг ўзи бундан аввал баёнот бериб, гувоҳликдан оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришда гумондор сифатига ўтказилгани борасида маълум қилган эди. Унинг қўшимча қилишича, бу “тўла ҳуқуқий бошбошдоқлик ва ҳокимиятнинг ҳаддан ошишидир”.

Эслатиб ўтамиз, 7-8 август кунлари Чуй вилояти Аламуддин туманидаги Қўй Тош қишлоғида «Алмазбек Атамбаевни мажбуран сўроққа олиб келиш тадбири» бўлиб ўтди. Ҳодиса вақтида ўн киши жароҳат олди, махсус кучларнинг олти нафар аскари гаровга олиниб Атамбаевнинг уйида 20 соатга яқин ушлаб турилди, МХДҚ махсус кучлари ходими Усенбек Ниязбеков ўқотар қуролдан олган жароҳати туфайли вафот этди. Шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Самат Курманкулов бошидан жароҳат олиб айни дамда комада ётибди. У даволаниш учун Москвадаги шифохонага олиб борилди.

Атамбаев ИИВда сўроқ бериш учун ушланганидан кейин собиқ президентнинг айрим тарафдорлари, жумладан депутатлар Асель Кодуранова ва Ирина Карамушкина, собиқ депутат Равшан Жээнбеков, давлат раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаева, МХДҚ собиқ раиси Абдиль Сегизбаевлар сўроққа чақирилган эди.

Президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов, шунингдек Атамбаевнинг тарафдорлари Алга Қиличев, Қияз Смаилов ва Амантур Жамгырчиевлар 8 октябргача ҳибсда ушлаб туриладиган бўлди, улар МХДҚнинг "Альфа" махсус бўлинмаси олти аскарини гаровга олишда гумон қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG