Ссылки доступа

Москва вилоятида бир нечта тожикистонлик юртдошлари бўлмиш бесоқолбозни дўппослади


Москва вилоятида тожикистонлик бесоқолбоз уюштирилган учрашув асосида бир гуруҳ юртдошлари томонидан дўппосланди. У калтакланди, пулларини тортиб олишди ва ўзининг жинсий мойиллиги бўйича камера қаршисида тан олинишини талаб қилдилар.

Москвадаги ЛГБТларнинг «Стимул» ташаббус гурухи юристи Антон Рижовнинг 23 август куни Радио Озодига маълум қилишича, 27 ёшли Али (исми ўзгартирилган) ёрдам сўраб «Стимул»га мурожаат қилган, 22 август куни безорилар гурухининг бир аъзоси ушланди, қолган уч нафари эса қидирилмоқда.

Алининг 23 август куни маълум қилишича, у ўзини жинсий озчилик вакили деб ҳисоблайди. Ёш йигит олти йилдан бери Россияда истиқомат қилади ҳамда қаҳвахона ва савдо нуқталарида ишлайди. Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, август ойи бошларида «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали ёш йигит билан танишади, у ҳам ўзини ЛГБТ-ҳамжамияти вакили дея атайди ва бир неча кундан кейин у Москвадан ташқарида учрашиш таклифини беради. 9 август куни янги ҳамроҳ Али билан учрашди ва улар биргаликда унинг уйига боришди. «Уйга киришимиз билан бизларни у ерда уч киши кутиб турарди, улар тўппонча ўқталган ҳолда мени қаттиқ калтаклашди. Улар мени кофир деб аташди ва мен билан бирга ўтириш гуноҳ эканини таъкидлашди», - дейди Али.

Унинг сўзларига қараганда, бу ҳаракатларининг ҳаммасини ва жинсий мойиллиги борасидаги мажбурий тан олишни юртдошлар камерага олишди ва агар пул бермайдиган бўлса бу видеони интернетда эълон қилишлари ва қариндошларига юборишни айтиб пўписа қилишди. «Мен қарз сўраб танишларимга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Танишларимлан бири пул юборишга рози бўлди. Эрталабгача мен стулда ўтиришга мажбур бўлдим, стулдан туришимга рухсат беришмади», - дейди Али. Унинг айтишича, эртаси куни эрталаб унинг кўз ўнгида мана шу уйга ЛГБТ-ҳамжамиятининг бошқа бир вакилини олиб келишди ва калтаклашди.

«10 август куни ҳужум қилганлардан бири билан кўчага чиқдик, шанба эди, пул айирбошлаш пунктлари берк эди. Шунда йигит ниманидир харид қилиш мақсадида савдо нуқтасига кирди ва шу вақтда мен қочиб кетишга муваффақ бўлдим», - дейди Али.

Унинг сўзларига қараганда, қариндошаридан ҳеч ким унинг жинсий мойиллигини билмайди ва шунинг учун ҳам “оғзига талқон солиб юриш”га ва ҳодиса юзасидан ҳеч кимга гапирмасликка мажбур. Али ҳозир ўзини хавфсиз сезмайди, чунки ҳужум қилганларнинг уч нафари озодликда юрибди.

2015 йилдан бери ЛГБТлар билан ишловчи «Стимул» ташкилотининг маълумотига кўра, илк бор Тожикистон фуқароси мурожаат қилган. Бунга қадар Ўзбекистон, Қирғизистон фуқароларидан ва Шимолий Кавказда истиқомат қилувчилардан шикоят келиб тушган эди.

Унинг таъкидлашича, 2019 йил бошидан бери «Стимул»га ҳуқуқий кўмак сўраб ЛГБТ вакили бўлмиш 90 га яқин киши мурожаат қилган, уларнинг 10-15 нафари уюштирилган учрашув қурбони бўлган.

XS
SM
MD
LG