Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари банкоматлардаги навбатларни йўқотмоқда


Туркманистон шарқидаги Лебап вилоятида маҳаллий расмийлар банкоматлар олдида навбатлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун чора-тадбирларни кўрмоқда.

Минтақадаги Азатлық радиоси мухбирларининг хабар қилишларича, банкоматлар олдида турган одамларни полиция ушламоқда ва сўроқ қилмоқда. Бундан ташқари корхоналарда ходимлар билан банкоматлар олдида “кўринмаслик” борасида суҳбатлар уюштирилмоқда.

- Эндиликда банкоматлар олдида навбатда турган одамларни полиция олиб кетиб сўроқ қилмоқда. Корхоналарда эса раҳбарият қўл остидаги ходимлари билан мажлис ўтказиб, улар банкоматлар олдида кўринмасликларини талаб қилишмоқда, - дея 25 август куни хабар беради Азатлықнинг минтақадаги мухбири.

Унинг айтишича, навбатларга қарши кураш чоралари яқинда президент томонидан Марказий банк раисига берилган ҳайфсандан сўнг кўрила бошланди. "Ўзларнинг ойлик маошлари учун навбатда турган одамлар худди қоида бузувчи сифатида таъқиб қилинмоқда. "Арқадағ куни кеча банкоматлар фаолиятини танқид қилди, сизлар туфайли банкоматлар ишдан чиқмоқда, навбатлар пайдо бўлмоқда, сиз эса буларни суратга олиб интернетга жойлайсизлар", демоқда полиция одамларни ушлар экан", - дея хабар беради Азатлық мухбири. Шу билан бирга у шаҳардаги банкоматларнинг катта қисми бузилмаганини, фақат уларда пул йўқлигини таъкидлайди.

Банкоматлар олдида навбатлар билан боғлиқ инқироз ёз ойларида пайдо бўлди. Пойтахт ва вилоятларда банкоматлар олдидаги навбатларда юзга яқин одам туради. Ўз картларидаги пулларни ечиш учун аҳоли бир неча соатдан бир неча кунгача навбатда туришга мажбур бўлмоқда.

Азатлықнинг банкоматларда пул йўқлиги ва навбатлар ҳақидаги ўнлаб лавҳаларидан кейин 19 август куни Туркманистон президенти банкоматлар иши устидан назоратни сусайтиргани учун Марказий банк раиси Мердан Аннадурдиевга ҳайфсан эълон қилди.

Туркманистондаги Азатлық мухбирларининг хабар қилишларича, айни дамда банкоматлардан пул ечиш лимити бир кунда 200 манатдан ошмаслиги керак (бу МБ курси бўйича $57 - таҳ.).

XS
SM
MD
LG