Ссылки доступа

Тошкент ИИББси соқол ва дўппининг юзни ўқийдиган ақлли камералар ишига халал бераëтганини билдирди

27 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 23-24-август кунлари Шайхонтохур туманидаги “Малика” деб савдо мажмуасидаги 100 га яқин эркак соқолининг мажбуран олингани бўйича расмий изоҳ берди.

“Соқолни мажбуран ҳеч ким қирмаган ва қирмайди ҳам” деб номланган баëнотида ИИББ ахборот мультимедиа маркази¸ айни кунларда пойтахтда “Хавфсиз ҳудуд” тадбири ўтказилаëтгани ва “тадбирлар давомида жамоат жойларига, масалан Сайилгоҳ кўчаси, боғлар ва ҳиёбонлар, кўнгилочар-савдо марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга алоҳида эътибор қаратилиши"ни билдирди.

“Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилади. Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган”¸ дейилади расмий баëнотда.

Баëнот давомида “Малика” савдо комплексида бу ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилгани¸ гумонланувчилар аксариятининг соқолли экани айтилади.

Баëнот мазмунидан жамоат жойларига ўрнатилган ташқи кузатув интеллектуал камералари (юз ўқувчи камералар – facial recognition) қидирувда бўлган шахслар соқол қўйгани боис¸ уларни аниқлашда мураккабликка дуч келаëтгани тушунилади.

Шу боис¸ ИИББ баëнотида ëзилишича¸ “Малика” бозоридаги “алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаларидаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган.

Ўз баëнотида Тошкент милицияси¸ бу ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб¸ “бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўрин”лигини айтади.

XS
SM
MD
LG