Ссылки доступа

«Қумтор» Қирғизистондаги қўриқхона ҳисобидан 16 минг гектар ҳудудга эга бўлади


«Центерра Голд Инк.» компанияси билан эришилган янги Келишувга кўра, Қирғизистон ҳукумати олтин қазиб олиш мақсадида Саричат-Эрташ қўриқхонаси ҳудудларидан 16 минг гектар ер ажратишга рози бўлди.

Маълумотни «Қырғызалтын» ОАЖ бошқарув раиси Алмаз Алимбеков тасдиқлади. Қирғизистон «Қумтор»га 2009 йилдаёқ барслар ва Қизил китобга кирган бошқа ёввойи ҳайвонлар мавжуд бўлган ер участкасини беришга розилик билдирган эди. Концессион Битимга кўра, бунинг эвазига ҳукумат «Центерра»да қўшимча акцияларга эгалик қилади. Бироқ, 2012 йилда ҳукумат жамоатчилик ва экологларнинг босими остида ўз қарори билан участкани кон сифатида фойдаланиш учун қўриқхона таркибидан чиқаришни тақиқлади.

Ҳукумат Янги Стратегик Битим дея атаётган келишувга кўра, вазирлар маҳкамасининг 2012 йилги қарори бекор қилинади, ҳамда 2009 йилги Концессион Битим кучга киради. Бошқача айтганда ҳукумат ўн йил муқаддам ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаради холос, дейди «Қырғызалтын» ОАЖ бошқаруви раиси Алмаз Алимбеков.

"2009 йилги концессион битим тасдиқланаётганида Қумторга кондан қўшимча 26 минг гектар ер ажратилган эди. Аммо 2012 йилда ҳукумат ўз қарори билан майдонни 10 минг гектаргача қисқартирди. 2009 йилги битим бўйича зиммамизга олган мажбуриятларни бажариш мақсадида уларга 16 минг гектар ерни қайтардик. 2009 йилдаги Битим бўйича қўшимча 26 минг гектар ер беришимиз эвазига «Центерра»даги акцияларимизни 15 фоиздан 33 фоизгача оширамиз», -дейди Алимбеков.

Саричат-Эрташ қўриқхонасининг жанубий-ғарбидаги 16 минг гектар участка «Кумтор Голд Компани»га ҳукуматнинг 2009 йил 6 июнь кунги қарорга асосан берилган эди. 2010 йил 14 июн куни қўриқхонага тегишли бўлган Қора Сой, Қоёнду ва Уч кўл участкаларида геологоразведка ишлари олиб борилишига рухсат берилди. 2012 йилда хукумат ўз қарорини қайта кўриб чиқди, ҳамда “Алоҳида қўриқланадиган табиат ҳудудлари” тўғрисидаги қонунга биноан қўриқхоналарда геологоразведка ишлари олиб борилиши тақиқланишини маълум қилди. Энди эса бу қарор бекор қилинди ва участка яна “Центерра”га қайтарилди.

Саричат-Эрташ қўриқхонасининг умумий майдони 134 минг гектарни ташкил қилади. Табиий мажмуа ҳудудида майдони 14 километрдан кўпроқ йирик Петров музлиги жойлашган. Қўриқхонада қор барси, архар ва тоғ эчкиси каби ноёб ҳайвонлар бор. Давлат қўриқхонаси 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига Қоёнду, Қора Сой ва Уч Кўл участкалари киради.

XS
SM
MD
LG