Ссылки доступа

Россия ИИВ раҳбари тожик мигрантининг калтакланиши акс этган видеони ўрганишни топширди

Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Интернетда пайдо бўлган эҳтимолий тожик мигрантининг калтакланиши акс этган видеони ўрганишни ва айбдор шахслар топилиб, жазога тортилиши юзасидан топшириқ берди.

Бир неча кун аввал меҳнат мигрантининг шафқатсизларча калтакланаётгани акс этган видео Тармоқда пайдо бўлди.

Тожикистон ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода ўзининг россиялик ҳамкасби Владимир Колокольцевга юборган телеграммасида тожикистонлик муҳожирни шафқатсизларча калтаклаганлар топилиб жазога тортилишини сўради.

РФ ИИВ расмий вакили Ирина Волк ОАВга баёнот бериб, Колокольцев вазирликнинг тегишли бўлинмаларига “Тармоққа жойлаштирилган Тожикистон фуқароси дея айтилаётган эркакка нисбатан зўравонлик ҳаракатлари факти” бўйича текширув ўтказиш борасида кўрсатма берди.

Унинг айтишича, айни дамда полиция ходимлари видеонинг ҳаққонийлигини текширмоқда, ҳамда унинг иштирокчиларини қидирмоқда, шунингдек, ҳодисанинг санаси, жойи ва бошқа ҳолатларни ўрганмоқда. Волкнинг қўшимча қилишича, текширув натижалари Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилади.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораси муҳожирга қилинган ҳужумни “шафқатсиз” дея атади ва бу ишда “россиялик скинхедлар (тақирбошлар)нинг қўли борлиги» ҳақида баёнот берди.

Рамазон Раҳимзода Колокольцевдан «мазкур жиноятни зудлик билан очиш, жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ва маъшум жиноят терговини назоратга олишни» сўраган.

РФ ИИВ вакили Ирина Волк ҳуқуқ-тартибот идоралари қисқа муддатларда ҳар қандай жиноятни фош қилишга қодирлигини ҳамда миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар гумондорлар жазога тортилишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG