Ссылки доступа

Ҳаж пайтида бир нафар ўзбекистонлик вафот этди


Ҳаж пайтида Ўзбекистондан борган бир нафар зиёратчи Мадина шаҳрида вафот этди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, фарғоналик Муҳаммад Исмоилов юрак хасталиги сабабли вафот этган. Унинг жанозаси 31 июль куни Масжидун Набавийда шом намозидан сўнг ўқилиб, Мадина шаҳридаги “Бақи” қабристонига дафн этилган.

Қўмита жорий йилда Ўзбекистондан 7200 нафар одам ҳаж сафарида бўлиб қайтганини билдирди. Шундан 6970 нафари зиёратчи, 230 нафари хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳи аъзосидир.

Расмий маълумотда қайд этилишича, Ҳаж зиёратига борувчилар томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож 14 326 нафар одам оталиққа олинди. Уларга 9 миллиард 300 миллион сўм миқдорида моддий кўмак кўрсатилди.

Ҳажга бориш нархи жорий йилда 33 миллион 300 минг сўм бўлди, бу ўтган йилга нисбатан 5 миллион сўмга арзон экани айтилди.

2017 йилда қабул қилинган Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ҳажга бир борган одам иккинчи марта бормайди.

XS
SM
MD
LG