«Бу ойда Туркманободда паластик карталарига ўз нафақаларини ҳали олиб улгурмаган пенсионерлар банкоматлар олдида навбат эгаллаш учун рўйҳат тузиб, ёзилишга тушиб кетдилар. Бугун давлатга қарашли “Туркманбоши” тижорат банкида навбат эгаллаганлар сони 2000 кишидан ошиб кетди», - деб хабар беради 5 сентябрь куни Озодлик радиосининг минтақадаги мухбири. Туркманистонда нафақалар банк картасига ҳар ойнинг 1-5 кунлари ўтказиб берилади.
Озодлик радиоси мухбирига кўра, ҳали келиб тушмаган пулларга банкоматлар олдида навбатга ёзилиш билан боғлиқ ҳозирги вазият банкоматларда кўпинча нақд пул бўлмаслиги, бўлганда ҳам пул ҳаммага етмаслиги билан боғлиқ.
«Мана икки ойдан ошдики, банкоматларда нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ вазият давом этмоқда. Ўтган ойларда банкоматларда пул кам бўлган, аммо навбатда бир неча юз киши бўлган. Одамлар кунлаб, баъзида ҳафталаб нафақасини, маоши ва моянасини нақлаштириш мақсадида банкоматларни кезиб чиқишган. Шунинг учун энди одамлар пенсия олишдан олдин навбат эгаллашни бошлашди», -қайд этади Озодлик мухбири.
Туркманистон Марказий Банки маълумотига кўра, 2019 йилнинг 1 январига банклар томонидан 3 миллиондан зиёд банк карталари берилган, бутун мамлакат бўйлаб 2200 га яқин банкоматлар ўрнатилган. Ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб кўпчилик банкоматларда нақ пул йўқ.
Озодлик мухбирларининг хабар беришича, айрим банк ходимлари юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолиш илинжида чорасиз қолган фуқароларга муайян тўлов, хизмат эвазига пулларни нақдлаштириб беришни таклиф этмоқда, “хизмат” миқдори мунтазам ошиб бормоқда.
«Банклар ходимлари энди нақдлаштирилган маблағ суммасининг 25 фоизини сўрашмоқда. Зудлик билан нақдлаштириш зарурати бўлган фуқаролар бундай хизматдан фойдаланишни бошлаган», - деб хабар беради Озодликнинг Лебапдаги мухбири.
19 август куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов мамлакатда нақд пул етишмовчилиги муаммосини тан олди, бироқ жавобгарликни амалдорлар зиммасига юклади. Президент банкоматлар иши устидан назорат бўшашиб кетгани учун Марказий банк раиси Мардон Аннадурдиевга ҳайфсан эълон қилди.