Ссылки доступа

Қирғиз-тожик чегарасидан қўшимча ҳарбий кучлар ва техникалар олиб чиқилди

Қўшни давлатлар чегара хизматларининг раҳбарияти музокаралар якунида 18 сентябрь куни кечқурун чегарадан ҳарбий техникани олиб чиқди.

Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани Овчи Қалъача жамоати раҳбарининг ўринбосари Абдуҳамид Одинаевнинг 19 сентябрь куни Радио Озодига айтишича, чегарадаги вазият борасидаги музокоралар кечқурун, тахминан 20:00ларда якунланди. Шундан кейин томонлар ҳарбий техника ва қўшимча ҳарбий кучларни чегарадан олиб чиқдилар. Одинаевнинг баёнот беришича, яқинда юз берган можаро зонасидаги вазият яхши, можаро авж нуқтасига чиққанда бу жойни тарк этган маҳаллий аҳоли вакиллари ўз уйларига қайтишди.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати вакиллари ҳам «Настоящее время» ТВсига қўшимча ҳарбий кучлар чегара линиясидан олиб чиқилганини маълум қилди.

Мана шу талаб икки мамлакат бош вазирлари даражасида 17-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтган музокораларнинг асосини ташкил қиларди. Бундан ташқари томонлар ўз зиммаларига чегарада қурилиш ишларини тўҳтатиш борасида ҳам мажбурият олдилар. Томонлар қирғиз томони кузатув минорасини бузиб ташлаши, тожик томони эса шу каби минорани қурмаслик борасида ягона фикрга келдилар. Бу ҳақда 18 сентябрь куни Сўғд вилояти администрациясининг матбуот котиби Музаффар Юнусов маълум қилди.

19 сентябрь куни Қирғизистон бош вазири Мухаммедкалий Абилгазиев ёпиқ эшиклар ортида қирғиз парламентидепутатларига тожикистонлик ҳамкасби билан ўтказган музокоралари ва унинг натижалари ҳақида ҳисобот берди. Кейинроқ Давлат чегара хизмати раиси Уларбек Шаршеев парламентда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда «қирғиз-тожик чегараси бўйича музокоралар осон бўлмаганини» маълум қилди. Жумладан, у томонлар бир-бирларига айрим эътирозларни билдирганликларини таъкидлади.

«Ҳар бир томон ўз талабини билдирди, кўплаб баҳслар бўлди. Аммо айтиш керакки, масала ҳал бўлди. Асосий мақсад –вазиятни барқарорлаштириш. Музокоралар якунида ҳар икки томон 14 сентябргача бўлган вазиятга қайтишга рози бўлди. Можаро юз берган участкада қўшма патруллик олиб борилади», - деди Шаршеев.

Унинг сўзларига қараганда, томонлар икки мамлакат фуқоролари дўстлигини мустаҳкамлаш мақсадида оммавий-спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш борасидаги келишувни имзоладилар.

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида юз берган қуролли можаро оқибатида уч нафар тожикистонлик чегарчи, жумладан Овчи Қалъача пости коменданти, шунингдек қирғизистонлик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Ҳар икки томон можаро бошланишига бир бирларини айблашди. Қўшниларнинг ишонишича, чегарада олиб борилаётган қурилиш ишлари ноқонуний бўлган ва ҳар бир томон бир-бирларини аввал эришилган келишувларни бузганликда айблади. Бу иккита яқин қўшнилар ўртасидаги биринчи можаро эмас.

XS
SM
MD
LG