Ссылки доступа

Ипотека бундан буён 20 йилга берилади, ёши 60дан ошганлар ипотека ололмайдилар

Ипотека кредитлари бундан буён ёши 60дан ошган шахсларга берилмайди. Адлия вазирлигининг 19 сентябрда маълум қилишича, ҳукумат бу борада айрим қарор ва низомларга ўзгартишлар киритди.

Янги тартибга асосан ипотека кредитлари 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларга берилади. Бунга қадар ипотека олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ёши чегараланмаган эди.

Бундан ташқари, эндиликда ипотека 6 ойлик имтёз муддати билан 15 йилга эмас, балки икки йиллик имтиёз муддати билан 20 йилга берилади. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб имтиёз даври 1 йил қилиб белгиланади.

Ипотека кредити арзон уй-жой лойиҳавий қийматининг 90 фоизидан юқори даражада бўлмаган миқдорда белгиланади.

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилнинг октябрида қишлоқ ва шаҳарларда уй-жой қурилиши юзасидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни қабул қилган эди. Мазкур дастур асосида ипотека кредитлари соҳасини ривожлантириш ҳам назарда тутилганди.

Расмий статистиканинг билдиришича, 2016-2018 йилларда ипотека ҳисобидан 82 мингта янги уй-жой қурилди ва 400 минг одам уй билан таъминланди.

XS
SM
MD
LG