Ссылки доступа

Хоразмдан Тошкентга юриш бошлаганлар ИИБ томонидан ушланди (видео)


23 сентябрь куни Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлаган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ИИБ ходимлари томонидан автобусга босиб, олиб кетилди.

23 сентябрь куни кечқурун Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз сайти орқали гурланликлар юришига расмий муносабат эълон қилди. Ундан маълум бўлишича, Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган ва ҳудудий ички ишлар бўлимида сақланмоқда.

ИИБ гурланликлар юришини Маҳмуд Ражабнинг "ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсади" сифатида баҳолаган.

“Улар билан Урганч шаҳар ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлсада, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уриндилар ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб бордилар”, дейилади Хоразм вилоят ИИБ расмий маълумотида.

Расмий баёнотда ушланганлар тақдири нима бўлиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Эслатиб ўтамиз, ушланганлар сони йигирма нафарга яқин бўлиб, улар орасида иккита ёш бола ва 4 ойлик битта чақалоқ ҳам бор.

Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан олинган маълумотга кўра, автобусга босиб олиб кетилганлар Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси биносига олиб борилган.

"Тушдан кейин Гурландан яна 15 тача одам келди. Улар юриш иштирокчилари озод қилинишини талаб қилиб, ИИБ биноси олдига келди. Лекин на бизни учраштиришди, на улар аҳволи ҳақида бирор маълумот беришди. Улар орасида иккита ёш бола бор. Яна битта 4 ойлик чақалоқ ҳам бор. Уларнинг аҳволи нима бўлаяпти, билмаяпмиз", деди гурланлик йигит исми очиқланмаслик шарти билан.

Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бирининг айтишича, соат 12га яқин юриш иштирокчиларининг барчасини автобусга тиқиб, номаълум томонга олиб кетишган.

"Бугун уларга ҳужум қилган ўша аёллар яна уларга ташланиб, телефонларини олишмоқчи бўлишди. Бироқ олиша олмади. Шу орада улар олдига шаҳарда йўловчи ташувчи автобуслардан бирини олиб келиб, йўлини тўсишди. Шу атрофда юрган гражданский кийимдаги одамлар Маҳмуд акани ва у ердаги барча одамни қўлидан судраб, мажбурлаб автобусга чиқаришди. Менимча ҳаммасининг телефон рақамини олиб қўйишган. Ҳеч кимнинг телефони ишламаяпти", деди воқеа жойида бўлган йигит. ​

Озодлик воқеа жойида олинган видеони ҳам қўлга киритди:

Хорезмская милиция задержала участников пешего хода
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:01:33 0:00

23 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 11лардан ўтганда блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифасидаги жонли чиқишлар тўхтади.

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиқди. Юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор. Юриш иштирокчилари сони жами йигирмадан зиёд.

2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди. Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG