Ссылки доступа

Майда безорилик учун қамалган ҳайдовчи 8 кунда уйига қайтарилди ва... жон берди

Бешариқ туманида (Фарғона вилояти) “Дамас” ҳайдовчиси бўлган Абдураззоқ Қодиров 19 сентябрга ўтар кечаси ўз уйида ўлди. Яқинларининг иддао қилишича, у ўлимидан бир соат олдин Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасидан олиб келинган.

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг айтишича¸ ​Абдураззоқ Қодиров майда безориликда айбланиб 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.​

Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, марҳум тириклигида бўйни синган.

- Икки нафар Ўзбекистон туман ИИБ ходими 18 сентябрь, тунги соат 22 да акамизни олиб келиб ташлаб кетишди. Аҳволи оғир эди. Милисалар кетганидан сал ўтиб жони узилди¸ - деди исми айтилишидан қўрққан Қодиров яқинларидан бири.

Марҳумнинг ёши, оилавий аҳволи ва шахсига оид бошқа маълумотлар номаълум.

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг айтишича¸ “Қодиров Абдураззоқ Нозимович 2019 йилнинг 11 сентябрь куни Бешариқ туман ҳокимияти биносида бўлиб ўтган сайëр суд қарорига биноан МЖТКнинг (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс) 183-моддасига (Майда безорилик) асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига” ҳукм қилинган.

Суд котибига кўра¸ ўша куни у Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Ўзини Хусниддин деб таништирган Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонаси бошлиғининг айтишича, Қодиров “Ҳибсхона журналига 10 суткага қамалди” деб ëзилган.

Мулозим иддаосига кўра¸ Қодировнинг саломатлиги ëмонлашгани учун муддатидан икки кун олдин уйига элтиб қўйилган.

ИИБ тергов ҳибсхонаси бошлиғи марҳум Абдураззоқ Қодиров ҳибсдалигида унга нисбатан "жисмоний жазо қўлланилмаганлигини" айтди.

Ўз исми айтилмаслигини истаган Ўзбекистон тумани прокуратура ходимининг иддао қилишича, Абдураззоқ Қодиров “Бир неча оперлар тарафидан калтакланган”:

- Қодиров ҳибсдалиги пайтида бир неча марта ҳушидан кетган. Уни калтаклаган оперлар "Тез ëрдам" чақиришган.

Ўзбекистон туман тиббиëт бирлашмаси ходимининг айтишича, ИИБ хибсхонасида жазо ўтаëтган Қодиров учун 12 сентябрдан 18 сентябрь оралиғида уч марта "Тез ëрдам" чақирилгани дафтарга қайд қилинган.

Қодировнинг қариндоши марҳумнинг бадани моматалоқ бўлиб кетганини иддао қилди.

Бешариқ туман ИИБ профилактика инспектори Ўктам Сапохоновга кўра¸ марҳум яқинларининг аризасига биноан туман прокуратураси жасадни эксгумация қилиб суд-тиббий экспертизаси ўтказган.

Экспертиза ҳужжатда таъкидланишича, марҳумнинг боши 4- ва 5- рақамли бўйин умуртқаларидан травматик ажралган (бўйин узилган - таҳр.) Орқа мия лат ейиши¸ тўш суягининг 2- ва 3- рақамли қовурғалар бириккан жойида ëпиқ синиш ва гематомалар мавжуд.

- Тўмтоқ жисм билан урилганда содир бўладиган қонталашлар жасадда мавжудлиги ëзилган, - деди Ўктам Сапохонов​

Айни пайтда ИИБ профилактика инспектори марҳум тергов ҳибсхонасида калтакланганми, деган саволга жавоб бермади.

Фарғона вилият прокуратураси вакилининг айтишича мавжуд холат юзасидан текширув ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG