Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бирининг Озодликка айтишича, юриш иштирокчилари устидан Урганч шаҳар маъмурий судида ўтган суд мажлиси туни билан давом этган.
“Кеча соат 22ларда ҳаммасини бир автобусга тиқиб, суд биносига олиб келишди. Эрталабгача суд ташқарисида кутдик. Тонгги соат 4 да суд тугаб, ташқарига чиқишди. Ичкарида 4 ойлик чақалоқ ва яна иккита ёш бола ҳам бор эди. Лекин болаларга яхши муносабатда бўлишган. Стулларни бирлаштириб, болаларга ётиш учун жой қилиб беришган”, деди хавфсизлик юзасидан исмини очиқлашни истамаган гурланлик йигит.
Суд қарорига кўра, Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат (Шабнам) Оллашукурова 10 суткадан қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Юришда қатнашган уч эркак энг кам иш ҳақининг уч баробари (669000 сўм) миқдорида, етти аёл эса бир баробари (223000 сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлади ва 50 километр йўлни пиёда босиб ўтди.
2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.