Тожик мухолифатчиси 25 сентябрь куни Белорус-Литва чегарасидаги «Каменный Лог» НЎПида Тожикистон ҳуқуқ тартибот идорасининг сўровига биноан ушланди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Одинаевнинг Тожикистонга экстрадиция қилиниш хавфи бор. Ҳозирча Тожикистон расмийлари Фарҳод Одинаевнинг Беларусда ушланиши юзасидан изоҳ бермади.
Мухолифат фаолларининг хабар қилишларича, Фарҳод Одинаев Тожикистон Жиноят кодексининг иккита моддаси, жумладан тақиқланган ташкилотнинг аъзоси бўйича айбланади.
Human Constanta ташкилотининг юристи Настя Лойканинг 26 сентябрь куни Радио Озоди билан Минскда бўлиб ўтган суҳбатда айтишича, Фарҳод Одинаев ўтган тунни Белоруснинг Гроден вилоятидаги изоляторларидан бирида ўтказди.
«Айни дамда Беларусь хукумати Одинаевни Тожикистонга экстрадиция масаласини кўриб чиқмоқда. Ҳозир у Сморгонь шаҳридаги тергов изоляторида ушлаб турилибди. Биз бу ишни кузатиб турибмиз ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаяпмиз, токи у қийноқларга дучор бўлмасин. Биз у Россияга юборилишидан хавотирга тушдик. Тожикистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси, шу сабабли Одинаев экстрадиция қилиниши мумкин. Бу мухолифатчи учун катта хатардир. Биз учун ҳуқуқлари поймол қилинадиган шароитларда у ушлаб турилмаслиги жуда ҳам муҳим», - дейди суҳбатдош.
Унинг сўзларига қараганда, Беларус қонунчилигига кўра, ҳибсга олинишнинг учинчи кунида ушланган шахсга нисбатан айблов қўйилиши ёки экстрадиция қилиниши керак, нима бўлганда ҳам унинг ушланиши билан боғлиқ сабаблар айтилиши керак. «Ҳозир биз Одинаев Тожикистон сўровига кўра ушлагани ҳақида маълумотга эгамиз», - дея қўшимча қилади Лойка.
42 ёшли Фарҳод Одинаев Ҳисорда туғилган. 2013 йилнинг августидан ноябрга қадар Москвадаги тожик мухолифатчиларининг «Сафо ТВ» телеканалига бошчилик қилган. Одинаевнинг ҳамкасбларининг таъкидлашларича, тожик ҳукуматининг босими остида мазкур ТВ беркитилган.
Мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоларининг айтишларича, Фарҳод Одинаев Москвада яшайди, яқинда Варшавада ЕҲХТнинг йиллик анждуманида иштирок этиш мақсадида Польша визасини олди. У бу тадбирда қатнашиш учун "Eurasian Dialog Institution" жамоат ташкилоти номидан рўйхатга олинди.
"Eurasian Dialog Institution" ташкилотининг аъзоси Муҳаммаджон Кабировнинг айтишича, у Одинаевнинг ушлангани борасида ЕҲХТ раҳбарияти ва Варшавадаги анжуманнинг бошқа иштирокчиларини хабардор қилган ва тожик мухолифатчисининг озод бўлишига ёрдам беришларини сўраган.
Мамлакатда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси вакили Маҳмуджон Файзраҳмоннинг Радио Озодига айтишича, Фарҳод Одинаев аввал ТИУП аъзоси бўлган, бироқ бу партия тақиқланишидан сал аввалроқ унинг сафларини тарк этган ва сиёсий фаоллик кўрсатмаган.