Ссылки доступа

Тожикистонда уч нафар фарзандини йўқотган отага келишув таклиф этишмоқда (видео)


Йўл қурувчилар томонидан қолдирилган чуқурда уч нафар фарзанди ўлими ҳақида Озодлик радиосида мақола эълон қилинганидан кейин Хатлон вилоятининг Темурмалик туманидан бўлган Бўрихоновлар оиласига келишув таклиф қилинган.

Жумладан, ҳалок бўлган болалар ота-онасига “икки хонали хонадон олиш” эвазига аризадан воз кечиш таклифи берилди. Бу ҳақда Озодлик радиосига оила отаси Баходур Бўрихонов хабар берди. Расмийлар ҳамон ушбу ҳодисани изоҳлашмаяпти.

13 сентябрь куни Озодлик радиоси 10-ёшли Нозанин, 7-ёшли Махжабин ва олти ёшли Шахриёрнинг ҳалокати ҳақида хабар берган эди. Болалар жасадларини шу йилнинг 16 июлида йўл қурувчилар қаровсиз қолдирган чуқурликдан топишган. Баходур Бурихоновнинг ишонишича, болаларининг ўлимида маҳаллий дарёдан шағал қазиган, улган хандақни қуруқ ва очиқ қолдириб кетган йўл қурувчилар айбдор. Вақт ўтиши билан чоҳда сувости сувлари йиғилиб қолган ва унда болалар чўкиб кетган. Отанинг сўзларига кўра, сув олти метрли чоҳни тепасигача тўлдирганки, уйдан музқаймоқ сотиб олиш учун кўчага чиққан болалар афтидан, хавни сезмай ҳам қолишган.

Темурмалик туманига туташ “Канғурт-Балжувон-Ховалинг” участкаси йўналиши бўйича янги йўлни China Road Хитой компанияси қураётган бўлган. Ҳозирча компаниянинг ўзи бу борада баёнот бергани йўқ. Ота-оналарнинг бир оила уч нафар фарзандининг фожиали ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш борасидаги илтимоси эътиборга олинмади. Туман прокуратурасининг жавобида болалар жасадида зўравонлик аломати топилмагани айтилган.

Бироқ 29 сентябрь куни Баходур Бўрихонов Озодлик радиосига хабар беришича, унинг фарзандлари ўлими тўғрисидаги хабардан кейин туман расмийлари ва прокуратура уларга нисбатан муносабатларини ўзгартирган. «Темурмалик тумани раиси, прокурор ва бир неча бошқа амалдорлар уйимизга келиб, биз билан суҳбатлашишди, биздан ҳол-аҳвол сўрашди», - дейди у. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча болалар ўлими бўйича иш қўзғатишмайди.

Суҳбатдошимизнинг хабар қилишича, унинг қариндошлари орқали расмийлар уни фарзандлари ўлими юзасидан ўз даъвосидан воз кечишни сўрашган ва бунинг эвазига улар оилага икки хонали хонадон ажратишга тайёрликларини билдиришган. Ҳалок бўлган уч боланинг отаси ўз даъвосидан воз кечиши ёки фарзандларининг ўлимида айбдорларни жазолаш учун охиригача курашадими, ҳали бир тўхтамга келмаганини қўшимча қилди.

Темурмалик тумани расмийлари мазкур ҳодисани ҳам, Бўрихоновнинг уларга келишув ҳақида билдирилган таклифлари хусусидаги баёнотини ҳам изоҳлашни хохламаяптилар.

Канғурт-Балжувон-Ховалинг йўл қурилиши лойиҳаси Осиё тараққиёт банки ҳисобига молиялаштирилган. Бу ташкилот ҳар доим объектлар қурилиши бўйича ҳам, хавфсизлик чораларига риоя қилиниши бўйича ҳам қатъий талаблар ҳақида гапиради.

12 сентябрь куни Осиё тараққиёт банки Озодлик радиосининг Бўрихоновлар оиласидаги фожиага оид мурожаатига йўллаган ёзма жавобида шундай дейилади: «ОТБ болалар ўлими ҳақида эшитиб турганидан қайғуда ва ҳалок бўлганларнинг оиласига бизнинг самимий ҳамдардлигимизни билдиришни истайман. Биз бу иш бўйича қўшимча маълумот олиш учун Транспорт Вазирлиги (мамлакатда ОТБ молиялаштирадиган йўл лойиҳаларининг ижрочи агентлиги) билан боғландик. ОТБ нинг илғор халқаро амалиётга мувофиқ келадиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ижтимоий ва экологик ҳимоя чоралари бўйича комплекс сиёсати бор».

Канғурт-Балжувон-Ховалинг йўл қурилиши лойиҳаси шу йилнинг 6 августида президент Эмомали Раҳмон иштирокидаги тантанали маросим пайтида фойдаланишга топшрилган бўлиб, узунлиги 43 километрни ва кенглиги 7 метрни ташкил этади. Душанбе-Хўжанд трассасини қурган China Road пудратчи компания сифатида чиққан эди.

XS
SM
MD
LG