Ссылки доступа

Йўл хўжалигини ривожлантириш масалаларида йиғилиш ўтказилди


Иллюстративное фото.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни йўл хўжалигини ривожлантириш ва ушбу соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Мамлакатимизда жами юкларнинг 98 фоизи ва йўловчиларнинг 88 фоизи автомобиль йўллари орқали ташилади. Кейинги йилларда юртимиз экспортида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайиб бормоқда. Келгусида уни янада ошириш режалаштирилган. Товарларни манзилга тез ва сифатли етказиш учун эса ривожланган йўл инфратузилмаси керак.

Йиғилишда ушбу соҳани ривожлантириш, қурилиш лойиҳаларини барқарор молиявий манба билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Автомобиль йўлларини қуриш ёки таъмирлаш ишларига халқаро ташкилотлар ва хусусий шерикларни фаол жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, халқаро ва давлат аҳамиятига эга 1 минг 600 километр узунликдаги йўлларга доир 18та йирик лойиҳани шундай ҳамкорлик асосида амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ички йўлларни таъмирлашда ҳудудларнинг иштироки сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Молия вазирлигига республика бюджетидан фақат умумий фойдаланишдаги йўлларга, ички йўлларга эса маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш тартибини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Хорижий давлатларда йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик яхши ривожлангани қайд этилди. Йўл бўйи инфратузилма объектларини бериш орқали лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар доирасида йўл бўйи объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Реклама қурилмаларини умумий фойдаланишдаги йўлларга жойлаштириш учун рухсат бериш ваколатини Автомобиль йўллари қўмитасига ўтказиш таклиф этилди.

Умуман, автомобиль йўллари соҳасини тубдан ислоҳ қилиш учун манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, 2020-2030 йилларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Бу стратегияда, аввало, автомобиль йўлларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари белгиланади.

Ҳозирда Автомобиль йўллари қўмитасида ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи, ҳам эксплуатация қилиш функциялари тўпланиб қолгани оқибатида тизимдаги корхоналар халқаро лойиҳаларда иштирок эта олмаяпти. Шу боис қурилиш ташкилотларини қўмита таркибидан чиқариб, улар негизида «Ўзавтойўл» акциядорлик компанияси ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, хусусий шериклар иштирокида тезкор автобанлар қуришга катта эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбари йўллар сифатини оширишни лойиҳалаштиришдан бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун лойиҳа ташкилотларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар таркибини кучайтириш бўйича кўрсатма берилди.

Германиялик ҳамкорлар билан биргаликда автомобиль йўллари қурилиши соҳасида қўшма лойиҳа институтини ташкил этиш, юртимиз иқлими ва қатнов хусусиятларини ҳисобга олиб, йўл қурилиши соҳасидаги норматив ҳужжатларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Масалан, мамлакатимизда йўл қуришда ҳанузгача асосан асфальт-бетон ишлатилади. Бундай йўлларнинг хизмат муддати 10-15 йил бўлиб, 4-5 йилдаёқ таъмирталаб аҳволга келиб қолади.

Цемент-бетон қопламали йўлларни қуриш 15-20 фоизга қиммат бўлса-да, эксплуатация муддати 2-3 баравар кўп ва сақлаш харажатлари 3 баравар кам.

Юртимизда цемент ишлаб чиқариш ҳажми ортаётганини инобатга олиб, янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган давлат аҳамиятига эга йўлларни босқичма-босқич цемент-бетон қопламага ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

Яна бир муаммо йўлларни мониторинг қилиш бўйича автоматлашган тизим йўқлигидир. Қайси йўлдан қанча оғирликдаги юк ташиш мумкинлиги ҳаммага маълум эмас. Меъёрдан ортиқ оғирликда юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати назорат қилинмаяпти.

Шу боис йиғилишда барча йўлларнинг электрон базасини шакллантириш, махсус автоматлашган ўлчаш воситаларини ўрнатиш бўйича дастур ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, йўл бўйи инфратузилмасини халқаро андозалар асосида лойиҳалаштириш, халқаро йўлларда сифатли сервисни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Қатор кўприклар таъмирталаб, айримлари умуман беэга экани танқид қилиниб, барча кўприкларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилиб, соҳадаги институтларни йирик лойиҳаларга бириктириш, улар доирасида илмий ходимлар учун синов майдонлари ва тадқиқот лабораториялари ташкил қилиш, иқтидорли талабаларнинг хорижда малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

XS
SM
MD
LG