Ссылки доступа

Тожикистон расмийлари Суриядан 575 нафар бола ва аёлларни қайтармоқчи

Тожикистон расмийлари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши маълумотига кўра, Суриядаги қочқинлар лагерида даҳшатли шароитларда истиқомат қилаётган тожик болалари ва аёлларни ватанга қайтаришга тайёрланмоқда.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг 5 октябрь куни маълум қилишича, яқинда тожик дипломатлари Суриянинг юқори лавозимли амалдорлари билан учрашиб тожикистонликларнинг шахсини аниқлаш ва ватанга қайтариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. Дипломатлар Суриядаги қочқинлар лагерларида қанча тожикистонлик борлигини аниқлаштирмоқда.

Ҳукуматнинг топшириғига кўра, Тожикистоннинг Қувайт ва Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Дамашқда бўлиб турибди. Дипломат Радио Озоди билан 5 октябрь куни бўлиб ўтган суҳбатда сўнгги кунларда Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат вакиллари билан учрашганини маълум қилди. Музокараларнинг асосий мавзуси қочқинлар лагерларида яшаётган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтаришдан иборат бўлди. Бироқ Зубайдзода ватандошларни Суриядан қайтариш билан боғлиқ режа тафсилотларини очиқ айтмади. У фақат режани ҳаётга татбиқ этиш яқин ойларда бошланишини айтди, холос.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошларида Тожикистон ТИВга БМТнинг қочқинлар лагерида бўлиб турган тожикистонлик 34 нафар аёл мурожаат қилиб ватанга қайтишлари учун ёрдам кўрсатишларини сўраган эди. Бу аёлларнинг ҳар бирида биттадан бештагача бола бор. Интернетда қариндошлари орқали хукуматга мурожаат қилган аёллар сўнгги икки йилда “Ислом давлати”(ИД) гуруҳи эгаллаб турган ҳудудларни озод қилган курдларга асир тушган.

Тожикистон расмийларининг маълумотига кўра, айни дамда Суриядаги қочқинлар лагерларида бир неча йил муқаддам ИД сафларига кириб қолган жангариларнинг оила аъзолари бўлмиш камида 575 нафар хотин-қиз ва болалар бор. Радио Озодининг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда 12 сентябрь куни айтишича, маълумотларга кўра, тожикистонликларнинг кўпчилиги Хасакия вилоятида жойлашган “Ал-Хол” лагерида яшамоқда.

“Уларнинг тахминан 90 нафари аёллардир, 200 дан ортиқ қиз ва 240 дан кўпроқ ўғил бола бор. Болаларнинг ёши 1 дан 17 ёшгача. Улардан 134 нафари сўнгги икки йилда туғилган. Кўпчилик болаларнинг ота-онаси йўқ - ғирт етим. Бу якуний статистика эмас, аслида Тожикистон фуқароларининг сони янада кўпроқ бўлиши керак”, -дейди Тожикистон ҳукуматидаги манба.

Унинг айтишича,тожик аёллари ва болалари лагерга ИД жангариларининг бошқа оила аъзолари бўлмиш қочқинлар қаторида Багус минтақаси озод этилганидан сўнг йил давомида олиб келинган.

Умумий ҳисобда “Ал-Хол” қочқинлар лагерида камида 70 минг киши, улардлан тахминан 10 минги хорижлик, жумладан Тожикистон фуқаролари - ушлаб турилибди. Бу ҳақда 11 сентябрь куни БМТнинг Сурияга оид ҳисоботи муаллифлари маълум қилган эди. Бир неча ҳафта аввал мазкур лагерда бўлган Тожикистон фуқароси бўлмиш аёллардан бири Радио Озоди билан боғланди. Унинг айтишича, «Ал-Хол» лагеридаги яшаш шароити тушкунликка тушиш даражасида экан.

Шу йил ойида оталари ҳарбий ҳаракатлардла ҳалок бўлган ёки бедарак кетган, оналари эса қамоқа ташланган 84 нафар тожик боласини Ироқдан қайтарган Тожикистон расмийларининг айтишларича, қўшни Сурияда бўлган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтариш масаласида иш олиб борилаётганини маълум қилган эди. Бироқ, расмийларнинг маълум қилишича, бу тоифадаги фуқароларнинг юртга қайтариш талаблари ҳозирча ойдинлаштирилмаган. Бир вақтлар ИД назоратида бўлган ҳудудлардан фуқароларни ватанга қайтариш борасидаги дастурни ҳаётга татбиқ қилиш учун икки мамлакат ўртасида маълум бир ҳужжатлар имзоланиши керак, дея таъкидлайди Тожикистон ТИВ.

XS
SM
MD
LG