Ссылки доступа

Туркманистон мактабларида қизларнинг аҳлоқий тарбиясига бағишланган мажлислар ўтказилмоқда


Туркманистон мактабларида қизларнинг аҳлоқий тарбиясига бағишланган мажлислар ўтказилмоқда. Бундан аввалроқ шу каби учрашувлар Лебапда ўтказилгани ҳақида хабар берилган бўлса, эндиликда шу мавзуга бағишланган ота-оналар мажлислари Ашхободда ҳам ўтказилмоқда.

Ашхободдаги Азатлиқ радиоси мухбирининг хабар беришича, бу каби тадбирлар ўтган ҳафта бошидан бери пойтахтдаги мактабларда ҳам бўлиб ўтмоқда.

«Ашхободдаги ўрта мактабларда турли давлат идораларининг вакиллари иштирокида юқори синфлар ўқувчиларининг оналари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Учрашувларда қизларни аҳлоқий тарбия қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Оналарга сўнгги вақтларда юқори синф ўқувчи қизларининг ҳомиладорлиги билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар қайд қилинаётгани ҳақида маълумот берилмоқда. Ҳатто саккизинчи синф ўқувчисининг ҳомиладор бўлгани аниқланди», - дея хабар беради мухбир.

Мухбирнинг сўзларига қараганда, давлат идораларининг вакиллари “қизларнинг аҳлоқлари”ни муҳокама қилишган ва улар орасида чекувчилар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилувчилар борлигини таъкидлаб ўтишган.

Азатлиқ радиоси бу мавзуда Туркманистон Таълим вазирлиги ва Ашхобод шаҳар таълим бошқармасидан изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Бундан аввал Азатлиқ радиосининг Лебапдаги мухбири, вилоят суд, прокуратура, полиция, таълим ва соғлиқни сақлаш идораларининг вакиллари Туркманободдаги ўрта мактабларнинг ўқувчи қизлари билан тарбиявий суҳбатлар ўтказаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўтган йилнинг октябрида Азатлиқ радиосининг Дашўғуздаги мухбири 7-11 синфлар қизлари ўртасида зўрланганлар кўпайгани, шунингдек уларнинг фоҳишалик билан шуғулланишлари ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари 8-9 синфларда ўқийдиган қизларнинг уйдан қочиб кетаётгани ва яширин турмушга чиқаётгани борасида ҳам хабар тарқатилган эди.

XS
SM
MD
LG