Ссылки доступа

Туркий Кенгаш саммитида Назарбоев тақдирланди


Шу йилнинг мартида ваколатини топширган, аммо қўлида ҳокимиятни сақлаб қолган Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтган Туркий тили давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши саммитида иштирок этди, дея 15 октябрь куни хабар беради расмий матбуот.

Собиқ президентнинг матбуот котиби Айдос Укибайнинг маълум қилишича, Кенгаш мажлисида Назарбоевга мукофот — Турк дунёси ордени топширилди. Хабарларга кўра ўз чиқишида Назарбоев, гуруҳни «Турк давлатлари ташкилоти»га айлантиришни таклиф қилган.

Укибайнинг сўзларига қараганда, Назарбоев саммитда иштирок этиш учун Бокуга келган. Маҳаллий ОАВнинг хабар қилишича, Бокудаги саммитда «Назарбоевнинг Туркий Кенгашга умрбод фахрий раис этиб сайланиши билан боғлиқ тадбир бўлиб ўтиши режалаштирлди». Назарбоев шу йилнинг май ойида Туркия таклифи билан Туркий Кенгаш фахрий раиси мақомига эга бўлган эди.

Туркий Кенгаш номи билан машҳур Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши 2009 йил октябрида ташкил топган. Таъсисчи давлатлар сифатида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия кўрилади. Ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон ташкилотга кириш учун ариза берди.

Ҳукмрон «Нур Отан» партияси раиси 79 ёшли Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон Халқлари Ассамблеясининг умрбод раиси ҳисобланади. Биринчи президентга қонун асосида елбасы («миллат етакчиси») титули берилган, бу титул у ва унинг оила аъзоларига умрбод ҳар қандай маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиш иммунитетини таъминлайди.

Назарбоев ҳокимиятда бўлган чоғида бир неча бор эркин фикрловчиларни таъқиб қилганликда, хокимиятини суиистеъмол қилишда, ваколатларини нодемократик йўллар билан узайтиришда айбланган эди. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти Назарбоевни ахборот эркинлигини бостирувчи «ёввойилар» рўйхатига киритган. Қозоғистон расмийлари бу каби танқидларни инкор қилади.

XS
SM
MD
LG