2004-2011 йилларда Тошкентда "Туркуаз" савдо марказига асос солиб, фаолият юритган ширкат эгаси, 50 яшар Туркия фуқароси Воҳид Гунаш 2012 йил апрелида эса мусодара қилинган мол-мулкини қайтариш талаби билан Ўзбекистон расмийларига қарши даъво аризаси билан ICSID га мурожаат қилган эди.
Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ қарорларини эълон қилиб борадиган GAR нашри хабарига кўра, бельгиялик ҳакам Ҳанс ван Хоутте раислигидаги маҳкама Ўзбекистонда мол-мулки мусодара қилинган турк ширкатининг даъво аризасини 7 йил давомида кўриб чиқиб, 4 октябрь куни сўнгги қарорини чиқарган.
Қарорда Ўзбекистон ҳукумати турк ширкатига тўлаши керак бўлган товон 40 миллион доллар қилиб белгиланган.
Бу эса даъвогар талаб қилганидан анча кам.
АҚШдаги халқаро маҳкамага берилган ҳужжатларда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкати Ўзбекистон ҳукумати айби билан 180 миллион долларлик зарар кўргани ҳақда арз қилганди.
Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd раҳбари Воҳид Гунаш ICSID қароридан рози эканини айтди.
- Шариат кесган бармоқ оғримайди деганларидек, қарордан розимиз, адолат бу! 180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз. Ўзбекистонда маънавий зарар ҳам кўрганмиз, тўққиз ярим ой давомида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги МХХ тергов изоляторида сақланганимда кўрган қийноқларим юзасидан ҳам шикоят қилганман, лекин даъвонинг маънавий қисми эътиборга олинмаган афтидан, - деди Воҳид Гунаш.
Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунаш етти йил мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қилганидан кейин 9 ой қамоқда сақланиб¸ 2011 мамлакатдан депортация қилинган эди.
Гунаш билан бирга яна етти нафар туркиялик тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик¸ ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшгани” учун Ўзбекистон суди томонидан айбдор деб топилган эди.
Воҳид Гунашнинг Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкати иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилганди.
Ўзбекистон ҳукуматига 700 минг АҚШ долларини тўлаганларидан сўнг, уларга жазо енгиллаштирилган ва мамлакатдан бадарға этилган.