Ссылки доступа

Фарғонада боғчанинг 20 га яқин боласи овқатдан оммавий заҳарланди


Фарғона шаҳрида овқатдан заҳарланган 20 нафарга яқин боғча тарбияланувчиси касалхонага ётқизилди. 22, 23 октябрь кунлари содир бўлган воқеа тўғрисидаги бу норасмий хабарни заҳарланган болалар қатнайдиган МТМ тарбиячиси ва касалхона врачи тасдиқлади.

Фарғона шаҳридаги 9- мактабгача таълим муассасасида 22 ва 23 октябрь кунлари овқатдан заҳарланган 20 га яқин тарбияланувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди.

"Сешанба ва чоршанба кунлари овқатдан захарланишган. Болаларнинг айримлари 23 октябрда, айримлари 24 октябрь куни касалхонага ётқизилди" деди боғча тарбиячиларидан бири.

Касалхона даволовчи врачларидан бири 20 нафарга яқин боғча тарбияланувчисининг ҳозир ҳам касалхонада даволанаётганини тасдиқлади.

"Уларда қусиш, ич кетиш, иситма кўтарилиши кузатилган. Бизга болаларни 23 октябрда олиб келишди. 24 октябрда ҳам 3 нафар бола келтирилди. Ҳаммаси бўлиб 20 га яқин бола келди. Заҳарланганлар алоҳида палаталарда ётишибди" деди даволовчи врачлардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, болалар аҳволи "ўрта оғирликда". Врачнинг айтишича, заҳарланган болаларга касалхонадан қачон жавоб берилиши ҳозирча номаълум.

Айни даволовчи врач ва боғча тарбиячиларидан бири сўзларига кўра, заҳарланиш ҳодисаси ортидан Фарғона шаҳар санитария ва эпидемиология станцияси гуруҳи 9-МТМни дезинфекция қилган.

"СЭС ходимлари келиб, боғчани дезинфекция қилиб кетишди", деди боғча тарбиячиларидан бири.

Айрим ота-оналар, заҳарланиш ҳодисаси ортидан болаларни боғчага юбормаётир.

"Мани хам фарзандим шу боғчага қатнайди. Бу воқеадан кейин боламни боғчага юборишга қўрқиб, юбормаяпман" деди фарзанди 9-боғчага қатновчи оналардан бири.

"Боғча ташкилий ишларининг ота-оналар у ёқда турсин, ҳатто, давлат назорати ташкилотлари учун хам ёпиқлигига ота-оналар чидаб келаётганди. Болаларнинг овқатдан захарланиб шифохонага ётқизилгани ҳаммасидан ўтиб тушди," деди фарзанди айни боғчага қатновчи бошқа бир она.

Ўзбекистонда болалар боғчалари тарбияланувчилари овқатдан заҳарлангани ҳақида илгари ҳам хабар берилган.

Ўтган йил ноябрида Тошкент вилоят, Бекобод туманида музлатгич ишламагани боис, 59 бола ва 3 ходим овқатдан заҳарланган эди.

Боғчада болаларнинг овқатдан заҳарланиши билан боғлиқ энг оғир воқеа тўрт йил аввал Андижон вилоятининг Балиқчи туманида бўлган эди.

Ўшанда боғчанинг камида 30 нафар тарбияланувчиси ўткир ичакли диарея ташхиси билан касалхонага ётқизилганди.

XS
SM
MD
LG