Ссылки доступа

Тожикистон терма жамоаси (U-17) жаҳон чемпионатида Камерун устидан ғалаба қозонди


Тожикистон ёшлар терма жамоаси (U-17) Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйинида Камерун терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

“Е” гуруҳидаги ушбу ўйин Бразилиянинг Кариасика шаҳрида, «Estаdio Klеber Andrade» стадионида, 28 октябр, маҳаллий вақт билан 20:00 да (Душанбе вақти билан 29 октябр 04:00 да) бўлиб ўтди.

Мазкур қизиқарли ва муросасиз ўтган баҳсда ягона голни 51-дақиқада ярим ҳимоячи Шарифбек Раҳматов пеналтидан киритди.
Дарвоқе, ҳужумчи Рустам Соиров камерунликлар дарвозасига иккинчи голни киритди, бироқ видеоёзув қайта кўрилганидан сўнг ўйиннинг бош ҳаками Янги зеландиялик Ник Уолдрон ўйин қоидаси бузилгани боис ўз қарорини бекор қилди. 72-дақиқада Тожикистон терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Шухрат Элмуродов иккинчи сариқ карточкани олиб, ўйиндан четлатилди.

Камерун термаси футболчилари дарвозага тўп киритиш учун кўп лаҳзаларни яратишди, аммо омад улардан юз ўгирди. Айрим лаҳзаларда Тожикистон термасининг дарвозабони Шоҳрух Қирғизбоевнинг юқори маҳорати камерунликларнинг гол киритишига имкон бермади.

Шундай қилиб, Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори Тожикистон ёшлар терма жамоаси 2019 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ мусобақаларининг биринчи ўйинида Африка чемпиони, Камерун терма жамоаси устидан 1:0 ҳисобида устун келди.

Тожикистон ёшлар терма жамоасининг бош мураббийи Зайниддин Рахимов Камерун ёшлар терма жамоасига қарши ўйин якунлангач, ўз шогирдлари ғалабасидан мамнун эканлигини айтди. «Йигитлар бизнинг кўрсатмамизни муваффақиятли бажаришди. Айниқса, дарвозамизни Шохрух ишончли ҳимоя қилди. Футболда дарвозабон – бу ярим жамоа деб бежиз айтилмаган. У бу маталнинг тўғрилигини исботлади. Мен барча тожикистонликларни ушбу ҳалаба билан табриклайман», - деди у.

“Е” гуруҳидаги биринчи тур ўйинлари якунланганидан кейин турнир жадвалини уч очко жамғарган Тожикистон терма жамоаси бошқармоқда. Бир очкодан йиғган Аргентина ва Испания терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўриндан жой олишди. Бирор очко қўлга киритмаган Камерун термаси охирги, тўртинчи ўринда бормоқда. 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги 17 ноябргача Бразилияда давом этадиган 2019 йилги жаҳон чемпионатида 6 гуруҳга тақсимланган 24 жамоа иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан энг яхши жамоалар, шунингдек, энг яхши кўрсаткичлари бўйича гуруҳидан учинчи ўринни олган тўртта жамоа жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига йўл олади. Тожикистон ёшлар терма жамоаси Испания, Аргентина ва Камерун билан биргаликда «Е» гуруҳидан жой олган.

Тожикистон термасининг гуруҳ турниридаги энг охирги ўйини 3 ноябрь куни (душанбе вақти билан 4 ноябр соат 01:00да) Аргентина термасига қарши ўтказилади.

XS
SM
MD
LG