Ссылки доступа

Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоев иши бўйича учинчи суд якунланди. Ҳукм ўқилди


28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидовга таяниб маҳаллий ОАВлар хабар қилди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси Х. Шермухамедов раислигида кўриб чиқилди.

Суд Аҳмад Турсунбоевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисм «а», «в» бандлари бўйича айбдор деб топди.

Ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. А. Турсунбоевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 20 майдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 52,09 млн сўм жарима жазолари тайинланди.

Шу билан бирга А. Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланди.

Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, «Аҳмадбой» иши бўйича биринчи суд 2018 йил февралида якунига етган, ўшанда унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.

Май ойида бўлиб ўтган иккинчи судда эса у 10 йил муддатдан озодликдан маҳкум этилиб, жазо умумий тартибдаги колонияда ўталаши белгиланди. Илк суддаги жазо қўшилган ҳолда Аҳмад Турсунбоевга 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 52,1 млн сўм миқдоридаги ЭКИҲнинг 400 баравари миқдоридаги жарима ва 1 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари тайинланди.

XS
SM
MD
LG