Ссылки доступа

Трампнинг импичменти иши бўйича информатор ёзма кўрсатма беришга рози бўлди


Ҳисоботи Дональд Трампнинг импичменти бўйича суриштирувларга олиб келган Америка разведкасининг ходими Вакиллар палатасидаги разведка қўмитасидаги республикачиларнинг саволларига ёзма жавоб бериш борасида таклиф билан чиқди. Бу ҳақда CBS News телекомпаниясига адвокат Марк Заид маълум қилди.

Информаторнинг адвокатлари таклифни қўмитадаги республикачиларнинг каттаси Девин Нунесга беришди, дея хабар беради "Америка овози". Заиднинг сўзларига қараганда, унинг мижози ўз аризаси партиявийликдан ҳоли равишда кўриб чиқилишини ҳоҳламоқда.

Республикачилар импичмент жараёнини адолатсиз дея аташмоқда ва бу жараён палатадаги камчиликни ташкил қилувчи партиядан саволларнинг чеклангани юзасидан шикоят қилишмоқда.

Адвокатнинг сўзларига қараганда, ёзма жавоблар, кўрсатмаси импичмент жараёнинг бошланишига сабаб бўлган кишининг шахси махфий сақланиши учун имконият беради. Информаторнинг шахси ошкор қилинишини президент Трамп талаб қилмоқда.

Якшанба куни журналистлар билан мулоқотда бўлган Трамп номи ошкор қилинмаётган информатор "Трампни кўра олмайдиган (МРБ собиқ директори Джон) Бреннан, (собиқ президент Барак) Обаманинг одами ҳисобланиши"ни айтди ва унинг хабари ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Президент бундан аввал ҳам информатор ва у билан бирга Вакиллар палатасидаги демократлар Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган телефон орқали суҳбатни бузиб талқин қилганини айтиб келади. Уларнинг айтишларича, Трамп АҚШнинг ҳарбий ёрдамлари эвазига украин етакчисидан ўзининг сиёсий оппоненти Жо Байден ўғлининг фаолиятини тергов қилишни сўраган. Трампнинг таъкидлашича, ҳеч қандай алмашув ҳақида гаплашмаган, фақат коррупция тергов қилинишини сўраган. Оқ уй томонидан эълон қилинган суҳбат матнида музлатилган ҳарбий ёрдам ҳақида гап йўқ. Вакиллар палатасидаги ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган эшитувларда чиққиш қилган айрим амалдорлар Трампнинг талабини бажаришга мажбурлаш мақсадида ҳарбий ёрдамлар ҳақиқатан ҳам музлатилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG