Ссылки доступа

Қизнинг шаънини ҳақоратлаган видео учун тожик блогери жаримага тортилди


Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармаси севган қизини чиқиндихонага олиб бориб севгиси ва содиқлиги борасида қасам ичаётганини видеога олган блогерга нисбатан маъмурий иш очди. Мазкур видео ўша заҳоти ижтимоий тармоққа жойлаштирилди.

Ижтимоий тармоқларда қизнинг шаъни ва қадр-қимматини камситган блогерни жазолаш борасидаги постлардан сўнг пойтахт милиционерлари томонидан мазкур факт текширила бошланди.

Бу сўнги уч ойда блогерлар томонидан хотин-қизлар камситилиши акс этган видеолари учун жаримага тортилиши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. Экспертларнинг таъкидлашларича, бир томондан видеоблогерлар жамиятдаги ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқишмоқда, иккинчи томондан томоша қилиш ва пул эвазига инсон хуқуқларини поймол қилган ҳолда ўзларининг рейтингларини оширишга интилишмоқда.

Блогер Ахлиддин Бекулов севган қизини учрашувга таклиф қилди, унинг кўзларини боғлаб ўз машинасида шаҳар чиқиндихонасига олиб борди, у ерда қизнинг севгиси ва вафодорлигига иқрор бўлиши видеога олиниши керак эди. Роликда қиз кўздан боғични ечиб олгани, атрофни кўриб даҳшатга тушгани ва имкон бўлса тезроқ бу ердан кетишга интилаётгани акс этган. Блогер “қочиш”ни видеога олади, унинг сўзларига қараганда, шу тариқа “аёллар қалбининг шафқатсизлиги ва хиёнатини” кўрсатмоқчи бўлган. Ғазаблаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари пойтахт хуқуқ тартибот идораларидан блогер жавобгарликка тортилишини талаб қилдилар.

Душанбе шаҳар ИИБ видео “қаҳрамонлари” пойтахтда яшовчи 29-ёшли Ахлиддин Бекулов ва 21-ёшли Мохру Зиёдуллоева эканлигини аниқлади. Ҳуқуқ-тартибот идорасининг маълум қилишича, «ёшлар билан суҳбатлар давомида видео қизнинг розилиги ва ҳоҳиши билан суратга олингани аниқланди, шу тариқа уларнинг ҳар иккиси Интернетда шуҳрат қозонмоқчи ва ижтимоий тармоқлардаги томошалар орқали пул ишлаб топмоқчи бўлишган».

Хуқуқ тартибот идорасидаги манбанинг айтишича, видео ҳар икки томоннинг розилиги билан суратга олиниб Интернетга жойлаштирилганига қарамай, пул топиш мақсадида аҳлоқий меъёрлар бузилган.

Тожик видеоблогери Диловар Сафаров Ютуб фойдаланувчилари орасада қисқа, аммо маърифий видеороликлари билан ном қозонган, у эр-хотинларнинг муносабатлари, ажралишлар, гендер тенглиги, меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқади. Диловарнинг фикрича, ёш блогерларнинг ижтимоий тармоқларга ёшлар томонидан қўйилган ролик ижтимоий тармоқларда бир зумда машҳур бўлиш орзусини кўрсатмоқда.

Ёш блогерлардан бири ўзларинингроликлари ҳамиша ҳам даромад келтирмаслигини айтар экан, блогерларга нисбатан жарималар эҳтиёт бўлишга ва ўзларини ўзлари цензура қилишга мажбур қилишини таъкидлайди. Унинг сўзларига қараганда, тайёрлаган ва ижтимоий тармоққа жойлаштирилган ҳар бир видеоролик унга 50 сомонидан 100 сомонигача фойда келтиради, “бу унчалик кўп эмас, аммо қаердадир ишлагандан кўра яхшироқ”.

XS
SM
MD
LG