Бу ҳақда 14 ноябрь куни парламентда 2020 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳаси муҳокама қилинаётганида бош вазир ўринбосари Алтынай Омурбекова маълум қилди.
Давлатга тегишли ОАВларни молиялашни қисқартириш таклифини депутат Дастан Бекешев илгари сурди. «Биз давлатга тегишли ОАВларни молиялашни қисқартириш таклифи билан чиққан эдик, сиз бўлса аксинча, «Пирамида» ва «5 канал» телеканалига 40 млн сом ажратмоқчисиз. Келаси йилга [давлат ОАВни молиялаштириш учун] 10,5 млн доллар ажратилмоқда, жумладан, «Кабар» 22 млн сом олади, «ОТРК», «ЭлТР», «Мир» - 552 млн сомдан олади, 80 млн сом эса 49 та газета/журналлар ва туман телеканалларига берилиши кутилмоқда. Қисқартириш керак!», -деди депутат.
Омурбекованинг маълум қилишича, айни дамда вилоятларда медиамарказлар ташкил қилиш устида иш олиб борилмоқда. «Туман газеталари оптимилашади, айримлари қисқаради. «Кабар», «5 канал» ва давлатга тегишли бошқа ОАВларни ягона корпорацияга бирлаштириш кўриб чиқилмоқда. Бу йўналиш бўйича иш тўхтовсиз олиб борилмоқда», -дея жавоб қайтарди бош вазир ўринбосари.
Шу йилнинг июль ойида маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов «Азаттық» радиосига давлат туман газеталарини молиялашни тўхтатишни режалаштираётганини айтган эди. Бу каби газеталар республика бўйича 34тани ташкил қилади.
Медиамарказлар ташкил қилиш масаласи Маданият, ахборот ва туризм вазирлигида 2017 йилдан бери муҳокама қилиб келинади. Таъкидланишича, хукумат топшириғига биноан вилоятдаги давлатга тегишли ОАВ базасида ахборот хизматларини кўрсатувчи минтақавий медиамарказлар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Янги медиамарказларда бир нечта платформа - телевидение, радио, газета, янгиликлар веб-сайтлари, пресс-марказ ва медиамактаб (ўқув маркази) бўлиш назарда тутилган.