Ссылки доступа

АОКА Давлат Назарнинг оиласидан хабар олди, моддий ёрдам берди


14 ноябрь куни Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ходимлари машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган хоразмлик журналист Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов) оиласига моддий ёрдам берди.

14 ноябрь куни президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг бир гуруҳ ходимлари марҳум журналист Давлат Назар оиласи яшаётган уйга бориб, моддий ёрдам берди.

Ҳозирча моддий ёрдам қанчалиги маълум эмас. Агентлик сайтида ҳам моддий кўмак миқдори очиқланмаган.

Агентлик матбуот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев бошчилигидаги гуруҳ марҳум фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар, бадиий адабиётлар ҳам олиб борган.

Давлат Назарнинг рафиқаси Ленинза Рўзметованинг айтишича, у уч нафар фарзанди билан қайнағасининг уйида яшамоқда:

- Ўзим ишсизман. Қайноғам қамоқда. Хотини Россияда. Биз болаларим билан уларнинг уйида яшаяпмиз. Уйсизмиз. Эрим болаларимни ўқитаман деб, ойлиги камлиги учун мол-дунё қилолмади.

АОКА ташабусси билан ташкил қилингани айтилган 12 ноябрь кунги матбуот анжуманида журналист ўлимига сиёсий тус бермаслик, бу “бахтсиз ҳодиса” экани таъкидланди.

- Бу йўл-транспорт ҳодисаси деб талқин қилинди ва афтидан ушбу матбуот анжумани шу талқинни жамоатчиликка бериш учун уюштирилди, деди анжуманда иштирок этган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Давлат Назар тахаллуси билан ижод қилган қўшкўпирлик 48 яшар Давлатназар Рўзметов олдин “Ёшлар овози” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлган. У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан ҳам машҳур эди.

Давлат Назар танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари сабаб кейинги икки йил ичида бир неча бор қамоққа ташланди.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни пахтада мажбурий меҳнат масаласини ёритиб келган Давлат Назар ҳибсга олиниб, Урганч милиция бўлинмасида беш соат ушлаб турилгач қўйиб юборилди.​

Ўтган йилнинг 29 октябрь куни "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррирининг ўринбосари сифатида ишлаётган пайтида Давлат Назар пахтага оид йиғилишни ёритмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинди.

Қўшкўпир туман ҳокимлигининг пахта бўйича йиғилишини видеотасвирга олаётган пайтда олиб кетилган Давлат Назарни суд майда безориликда айблаб, 7 суткага қамади.

XS
SM
MD
LG