Ссылки доступа

ТИВ: 4500 этник қозоқ Хитой фуқаролигидан воз кечди


2019 йилнинг январидан сентябрига қадар 4 500 нафар хитойлик этник қозоқ Хитой фуқаролигидан чиқишини расмийлаштирди, дея Азаттық радиосига хабар берди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотига кўра, шу йилнинг тўққиз ойи давомида Қозоғистоннинг Хитойдаги элчихонаси 35 минг қозоққа кириш визасини берди. «9 400 нафар [Хитойлик] қозоқ Қозоғистонда яшовчи қариндошлари билан учрашиш имконини берувчи ҳужжат олди», — дейилади элчихона жавобида.

Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг хабар қилишича, январдан август ойларида хорижда яшовчи10 790 нафар этник қозоқ Қозоғистон фуқаролигини олди. ИИВнинг ойдинлик киритишича, ўтган йили 18 минг нафар репатриантга фуқаролик берилган эди.

Сентябрда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра, мамлакатда фуқаролик олган этник қозоқларнинг салкам ярми Ўзбекистондан, 36 фоизи Хитойдан, 6,2 фоизи Мўғилистондан, 5,4 фоизи Туркманистондан келган. Вазирликнинг маълум қилишича, Қозоғистон мустақилликка эришгандан бери тарихий ватанларига бирмиллиондан ортиқ этник қозоқ қайтиб келган.

Этник қозоқлар қайтиб келишлари биланоқ уларга оралман мақоми берилди. Бу мақом бир йил муддатга берилади. Азаттық бундан аввалроқ берган хабарга қараганда, ҳаммарепатриантлар ҳам берилган муддатда фуқаролик олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга улгурмаган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Ахмади Сарбасовнинг сентябрь ойида айтишича, мамлакат расмийлари“соддалаштирилган тартибда фуқаролик олишлари учун бу каби оралманларга мақомни 2019 йил 31 декабрга қадар узайтириш борасида” қарор қабул қилди.

Ўз хабарида Азаттық радиоси Қозоғистон фуқаролигини олишда муаммо билан тўқнаш келган репатриантларнинг кўпчилигини Хитой фуқаролари экани борасида маълум қилди. Улар Қозоғистон томони сўрайдиган ҳужжатларни олиш учун Хитой шимолий-шарқидаги Шинжонга боришдан хавфсирагани боис шу каби мураккабликлар билан тўқнаш келадилар. Маълумки, 2017 йилдан бошлаб мазкур минтақада этник камчилик вакиллари “сиёсий қайта тарбиялаш лагерларига” мажбуран жойлаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар келмоқда. Фуқаролик ололмаган айрим қозоқларнинг айтишларича, Шинжонга қариндошларининг олдига боришган ва таъқиблар туфайли ўз вақтида Қозоғистонга қайта олишмаган, шу тариқа Қозоғистонда яшашлари учун берилган ҳужжатнинг муддати ўтиб кетган.

XS
SM
MD
LG