Ссылки доступа

МХҚ: 100га яқин қозоғистонлик Яқин Шарқдаги можаролар зонасида бўлиб турибди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси(МХҚ) баёнот бериб, айни дамда Сурия ҳудудларида 90 дан ортиқ қозоғистонлик борлигини маълум қилди.

Улардан 56 нафари хотин-қизлардир. 15 киши (икки нафари – эркак) лагерь ёки қамоқхонада ушлаб турилибди. Яна олти нафар аёл Ироқда ҳибсда сақланмоқда. Яқин Шарқдаги можаролар зонасида болаларни ҳисобга олмаганда, 100га яқин Қозоғистон фуқороси бўлиши мумкин. Бу борадаги маълумотлар Азаттық сўровига жавоб сифатида МХҚ томонидан тақдим қилинди.

Қўмитанинг жавобидан маълум бўлишича, Сурия ва Ироқдан Қозоғистонга 277 киши (57 эркак ва 220 аёл) ва 547 нафар вояга етмаганлар қайтарилди.

Қайтарилганлардан 44 киши, жумладан 10 нафар аёл турли муддатларга - бир йилдан 11 йилгачақамоққа ҳукм қилинди. Уларга террорчилик гуруҳлари фаолиятида иштирок этиш, хориждаги қуролли можароларда қатнашиш, терроризмни тарғиб қилиш, ёллаш, террорчилик фаолиятини молиялаш каби айблар қўйилди. Шу билан бирга 35 киши (уларнинг 12 нафари аёл)га нисбатан, шунингдек икки нафар вояга етмаган шахсга нисбатан тергов олиб борилди.

Қўмитанинг маълум қилишича, Сурия ва Ироқдан қайтарилган 198 нафар аёл ва 545 нафар бола Қозоғистонда реабилитацион марказларга юборилди.

18 ноябрь, душанба куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Ироқ томони билан 10дан ортиқ қозоғистонлик болани Қозоғистонга қайтариш масаласида музокоралар олиб борилаётгани борасида баёнот берди.

Ноябрь ойи бошларида МХҚнинг аксилтеррор маркази бошлиғининг ўринбосари Сергей Швейкин Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда Яқин Шарқда уруш бошлангандан бери Сурия ва Ироққа 800 дан ортиқ Қозоғистон фуқороси йўл олгани ҳақида маълум қилган эди. Фуқороларни Суриядан қайтариш мақсадида ўтказиладиган амалиёт ҳақида Қозоғистон расмийлари 2019 йил бошларида маълум қилди.

Туркия бундан аввалроқ турли мамлакатларнинг фуқоролари бўлмиш ИДнинг 956 нафар иштирокчисини депортация қилиш режаси ҳақида баёнот берган эди. Туркия ОАВнинг маълум қилишича, улар орасида Қозоғистоннинг 10 нафар, Ўзбекистоннинг 82 нафар, Қирғизистоннинг 23 нафар, Туркманистонинг 6 нафар ва Россиянинг 99 нафар фуқороси бор.

Қозоғистон расмийлари Туркия билан чегарадаги Сурия ва Ироқ худудларини бир неча йил давомида назорат қилиб турган гуруҳга аъзоликда гумон қилинган кишиларни депортация қилиш борасидаги Анқара режаси юзасидан изоҳ бермади. Туркия президенти Ражаб Эрдўғон бундан аввал баёнот бериб, Сурия шимолида турк қўшинлари томонидан ўтказилган амалиёт натижасида ИД иштирокчилари бўлмиш 300га яқин хорижлик ушланганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG