Ссылки доступа

Қозоғистонда «терроризм ташвиқоти» ва «низо қўзғашда» айблаганлар колонияга жўнатилди


«Терроризм тарғиботи» ва «низо қўзғашда» ҳукм қилинган саккиз киши қамоқхонага этап қилинди. Бу ҳақда Азаттық радиосига уларнинг қариндошлари маълум қилди.

Уларнинг сўзларига қараганда, фақат бир маҳкум Олмаота вилоятидаги Заречный қишлоғидаги қамоқхонада қолди. Қолганлари Чимкент, Оқтобе, Қизил Ўрда, Қарағанда ва Шимолий Қозоғистон вилоятларидаги колонияларга жўнатилди.

Маҳкумларнинг қариндошлари ҳукм 29 ноябрда кучга киришга эътибор қаратишмоқда, шу сабабли ҳам улар маҳкумларни жазони ижро этиш жойига юбориш қонунга зид эканлигини айтишмоқда.

ЛА-155/18 (Олмаотадаги тергов изолятори) муассасаси Азаттиқ радиосига маҳкумлар этап қилингани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади, аммо ҳукм кучга кирмай туриб маҳкумларнинг этап қилиниши қонунга тўғри келадими, дея берилган саволга жавоб беришмади.

5 август куни Олмали туман суди саккиз эркакни узоқ муддатли - беш йилдан саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди, 20 ноябрь куни Олмаота вилоят жиноий ишлар бўйича Суд Ҳайъати маҳкумларнинг шикоятини қаноатлантирмади, ҳукм — кучида қолди.

Жиноий иш материалларига кўра, Болатбек Нургалиев WhatsApp мессенжерида «терроризм тарғиботи ва салафизм ғояларини» тарғиб қилиш мақсадида гуруҳ тузган ва унинг таркибига Қозоғистоннинг турли минтақаларида яшовчи “ҳаммаслакларини” киритган. Ҳукмга кўра, «ўзларининг ҳатти ҳаракатлари қонунга зид эканлигини билиб турсалар-да», гурух иштирокчилари «диний мавзуларни фаол муҳокама қилишган... атайлаб радикал фикрларни қолдиришган, шу тариқа терроризмни тарғиб қилган ва диний низо қўзғашган». Бу иш бўйича тўққизинчи фигурант, 40-ёшли Жулдызбек Таурбеков алоҳида равишда суд олдида жавоб беради —касаллиги боис унинг иши ажратиб олинди. Таурбековга иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилган, адвокат у касаллиги боис жиноий жавобгарликдан озод қилинишини сўраб мурожаат қилди.

Август ойида Қозоғистон хуқуқ ҳимоячилари саккиз нафар маҳкумни диний қарашлари учун таъқиб қилинаётганлар ​ рўйхатига киритди.

XS
SM
MD
LG