Лойиҳага кўра, ҳайкал постаментининг кенглиги 36 метр, постамент баландлиги эса 9 метр бўлади. Итнинг ўзи эса олти метр бўлиб, постаментга олтин ҳарфлар билан: Turkmen Alabayy дея ёзилади. Ёзув президентнинг шу ит ҳақидаги китоби муқовасидаги шрифт ва рангда ёзилади.
Президент Гурбангули Бердимухамедов ёдгорликнинг янги вариантини маъқуллади, дея таъкидлайди агентлик. Бердимухамедов алабайга бағишланган китобни 2019 йил сентябрда ёзди. Китобда Туркманистон раҳбари томонидан ёзилган қуйидагича шеър ҳам бор:
У асрлар ва йилларни билади,
Даврларни боғлар туркман алабайи.
Унинг шуҳрати жуда ҳам баланд,
Қадрланар туркман алабайи.
Гилам ҳам, отлар ҳам юз йиллардан бери –
Ота-боболаримиз васияти ва даъвати.
Зафарлар ва ғалабалар рамзи,
Эталондир – туркман алабайи.
Бу шеърга мусиқа басталанди, қўшиқ телевидениеда ҳарбий хор томонидан куйланди. Алабайга ёдгорлик 2020 йилда Ашхабодда ўрнатилиши кутилмоқда.
Туркман алабайи — Ўрта Осиё овчаркасининг зоти: бу ит чўпонлар томонидан чорвани қўриқлашда ва ҳайвонларни йиртқичлардан ҳимоя қилишда ишлатилган. Итнинг бу зоти 70 см ва оғирлиги 80 кг ни ташкил қилади, жуни қалин бўлгани боис совуққа чидамли.