Ссылки доступа

Термиздаги ресторан ва кафелар апрелгача газ тармоғидан узилишидан огоҳлантирилди


Сурхондарë вилояти маркази Термиз шаҳридаги ўнлаб ресторан ва кафе эгаларига 1 апрелга қадар табиий газ тармоғидан узилиш ҳақидаги огоҳлантириш хати тарқатилди.

Мурожаат қилган умумий овқатланиш шохобчаси эгалари бундай эҳтимол амалга кўчса¸ баҳоргача қандай рўзғор тебратиш қайғусида қолганини билдирди.

“Ҳудудгаз Сурхондарë” МЧЖси мутахассислари¸ огоҳлантириш хатлари тарқатилганини эътироф қилди ва бундай фавқулодда чора учун тадбиркорлардан узр сўради.

“Табиий газ масаласи яқин келажакда ҳал бўлиши қийин масала ва биз ҳозиргидек авария шароитида стратегик объектлар¸ туғруқхона¸ боғча-мактаблардаги болаларимизни омон сақлаш учун шундай кескин чорага мажбурмиз”¸ деди газ таъминоти идораси мутасаддиларидан бири 27 ноябрь куни.

Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти бўлган Сурхондарëда 27 ноябрга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -5 га тушган¸ кўп қаватли уйларнинг бутунлай иситишсиз қолгани кузатилган.

27 ноябрь куни термизлик тадбиркорлар номидан келган мурожаатда қуйидагилар ëзилган:

“Термиз шаҳридаги ресторан, кафе, ошхоналарга шаҳар газ корхонаси ходимлари қиш мавсумида газ тармоғидан узиб қўйиш ҳақида хабарнома бериб кетишди. Бу хабарни эшитган биз тадбиркорлар ўйланиб қолдик, давлат чиқарган буйруқларни бажарсак - 1 куб газга 1000 сўм тўласак, 3 миллион¸ 2 миллион сўм турадиган газ ҳисоблагични ўрнат деса¸ ўрнатсак, бир нечта ишчи ўрни яратсак, пахтага одам деса юборсак¸ нега давлат ўз зиммасидаги мажбуриятини бажармаяпти? Ўзимизда чиқиб турган газдан пулини тўлаб ҳам фойдалана олмасак, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш шуми?”.

Термиздаги умумий овқатланиш шохобчалари эгалари¸ айни кунда босим пасайиб кетганига қарамай¸ ўз объектлариининг табиий газдан бутунлай узилмаганини билдирди.

“Аммо бу хат уларга истаган куни бизни газдан бутунлай узиш ҳуқуқини беради”¸ дея хавотирини билдирди Термиз ресторанларидан бирининг эгаси.

“Ҳудудгаз Сурхондарë” МЧЖсининг Термиз шаҳри таъминоти учун масъулларидан бирига кўра, “кейинги уч кечаю уч кундуз деярли ухлаганимиз йўқ. Бир томондан¸ қаттиқ қора совуқлар бошланиб¸ ҳарорат тунда -5 га тушаяпти. Бошқа томондан¸ Шерободдаги катта газ қувурида авария бўлди. Газдан узилиш ҳаëт-мамотни ҳал қиладиган объектлар – роддомлар¸ касалхоналар¸ боғча ва мактабларда ухлаб қолаяпмиз. Бу ëқда¸ ички ишлар¸ чегара қўшинлари каби стратегик объектлар бор¸ уларниям газсиз қолдириб бўлмайди. Деярли бирорта бюджет ташкилоти қишга тайëр эмас¸ ўтин-кўмири йўқ¸ ҳаммаси табиий газга ишонган. Табиий газ таъминоти эса¸ мамлакатнинг деярли ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоси”.

Мутахассисга кўра¸ муаммонинг биринчи илдизи¸ Ўзбекистонда ички эҳтиëжни қоплайдиган даражадаги табиий газнинг йўқлиги бўлса¸ иккинчиси¸ газ қувурларининг авария ҳолати экани билан боғлиқ:

“Аҳоли муттасил кўпайиб бораяпти. Президент йўл очганидан кейин¸ тадбиркорлик қилаëтганлар сони ошиб бораяпти. Экспорт қилувчи парникчи тадбиркорлар кўпайди. Уларни газдан узиб бўлмайди¸ балога қоламиз. Оқибатда¸ босим кескин пасайиб¸ кўп қаватли уйларга умуман газ чиқмайдиган жойларимиз кўпайиб бораяпти. Бошқа томондан¸ қувурларнинг эксплуатация муддати ўтиб бўлган ҳолатда¸ ҳали у ерда¸ ҳали бу ерда авария. Термиз магистраль қувурнинг энг охирида жойлашган¸ районлардан ортгани бизга келади. Йиллардан бери Термиз шаҳри учун алоҳида янги линия тортишни сўраймиз десак¸ маблағ йўқ. Аҳолига ҳам¸ тадбиркорга ҳам ичимиз ачийди. Сизларга шикоят қилаëтган тадбиркорлардан узр сўраймиз¸ лекин муаммони ҳал қила олмаймиз. Чунки бу бир шаҳар ëки вилоят идораси ҳал қиладиган муаммо эмас”.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -15 даражагача пасайган айни кунларда мамлакатда яна бир энергетик бўҳрон кузатилмоқда.

Газсиз¸ электрсиз қолган аҳоли баъзи ҳудудларда норозилик тариқасида йўлни тўсмоқда. Газ ва электр тармоғидаги узилишлар пойтахт Тошкентда ҳам кўзга ташланмоқда.

XS
SM
MD
LG