Ссылки доступа

Озарбайжон ҳукмрон партияси парламент тарқатиб юборилишини айтди


Озарбайжон ҳукмрон партияси парламент тарқатиб юборилиши керак деган қарорга келди. Баёнот берилишича, «Қонун чиқарувчи хокимиятнинг ҳозирги таркиби» партия етакчиси ва мамлакат президенти Илҳом Алиев олиб бораётган сиёсатга мос келмас экан.

28 ноябрь куни Бакуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Янги Озарбайжон” партиясининг ижрочи котиби Али Аҳмедов баёнот бериб қўйилаётган қадам Алиевнинг ислоҳатлар режаси ва кадрлар ўзгариши борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлашга қаратилганини айтди. Муддатдан аввалги сайловлар мамлакат қонун чиқарувчи хокимиятини модернизация қилишга, иқтисодий ислоҳатларни тезлаштиришга қаратилган, деди Аҳмедов пайшанба куни бўлиб ўтган партия сиёсий кенгаши мажлисидан кейин.

Озарбайжон президенти парламентни тарқатиш ва муддатдан аввал сайловлар белгилаш хуқуқига эга. Сайловлар парламент тарқатилганидан кейин уч ой муддатда ўтиши керак. Парламентни тарқатиб юбориш масаласи қонун чиқарувчи хокимиятнинг 29 ноябрь куни бўлиб ўтадиган мажлисида қабул қилиниши кутилмоқда.

Озарбайжонда навбатдаги парламент сайловлари 2020 йилнинг ноябрида бўлиб ўтиши керак эди. 2015 йилда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра Илҳом Алиевнинг партияси ғалаба қозонди. Озарбайжондаги барча мухолиф партиялар сайловларни бойкот қилишди.

XS
SM
MD
LG